«Ўзбекконцерт» лицензиат билан шартномага ижтимоий тармоқлар этикаси бандини киритмоқчи
«Ўзбекконцерт» раҳбари Kun.uz мухбири билан суҳбатда таниқли санъаткорларнинг ижтимоий тармоқлардаги ўзини тутиши, маданияти ва одоб доираси ҳақида сўзлади.
«Ижтимоий тармоқларда ўзини тутиши, хатти-ҳаракатлари учун Ҳалима Ибрагимовага нисбатан белгиланган тартибда чора кўрдик. Маҳаллийчилик ҳақида, шунингдек, бутун халқнинг номидан гапиришга нафақат Ҳалима Ибрагимова, балки бошқаларнинг ҳам ҳаққи йўқ.
У ўзининг шахсий фикрини маълум этика қоидалари доирасида ифода этиши мумкиндир, лекин у санъаткор, уни бутун халқ танийди. Шу касбни танладими, унинг машаққатига ҳам чидашга мажбур. Бунинг ўзига яраша ютуқлари ва камчиликлари бор.
Бу гаплар фақат Ҳалимага тегишли эмас, ҳамма санъаткорларга қаратилган гап. Биз ўзимиз ҳам ижтимоий тармоқларни кузатиб турибмиз, шундай санъаткорларимиз борки, жиддий чора кўришга мажбур қилишмоқда. 2019 йилнинг март ойидан Эстрада санъатини ривожлантириш ва мувофиқлаштириш кенгаши аъзоларининг навбатдаги йиғилишида лицензиат ва «Ўзбекконцерт» ўртасида тузиладиган битимга ижтимоий тармоқлардаги маданият тўғрисидаги бандни қўшмоқчимиз. Чунки шунга мажбур бўляпмиз.
Айримлар ижтимоий тармоқлар – шахсий масала дейиши мумкин, лекин санъаткорнинг шахсий ҳаёти деярли бўлмайди, чунки у халқнинг одами. У қандай кайфиятда бўлмасин, омманинг олдига чиқяптими, масъулиятни ҳис этиши керак. Аёл киши бўлса, ибо-ҳаёни, эркаклар бўлса, одоб-ахлоқ билан мурожаат қилиши зарур», дейди у.