Иқтисодиёт | 13:13 / 27.02.2019
14849
2 дақиқада ўқилади

ҚҚС тўловчилари сони 5 баробар ошди

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси томонидан Молия вазирлиги билан биргаликда халқаро экспертлар иштирокида солиқ соҳасидаги ислоҳотларнинг дастлабки натижалари муҳокама қилинди.

Фото: Халқаро пресс-клуб

Давлат солиқ қўмитаси Жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими хабарига кўра, учрашувда Жаҳон банкининг давлат сектори масалалари бўйича таниқли эксперти, катта маслаҳатчи Ражул Авасти, Жаҳон банкининг давлат сектори масалалари бўйича етакчи мутахассиси Раул Феликс Жанкер-Варела, халқаро консультант Сергей Шаталов, Давлат солиқ қўмитаси раиси Беҳзод Мусаев, Давлат солиқ қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Мубин Мирзаев ва молия вазирининг ўринбосари Дилшод Султонов каби мутахассислар иштирок этди.

Фото: Халқаро пресс-клуб

Учрашувда Ўзбекистонда амалга оширилаётган солиқ ислоҳотларининг дастлабки натижалари сарҳисоб қилинди.

Солиқ қўмитаси ташаббуси билан Молия вазирлиги ҳамкорлигида ташкил этилган учрашувда 50 дан ортиқ тадбиркорлар – йирик солиқ тўловчилар иштирок этди ва улар томонидан йўлланган 100 дан ортиқ саволларга жавоблар берилди.

Қайд этилганидек, 2018 йилда қўшилган қиймат солиғи тўловчилари сони 7 мингга яқин бўлган бўлса, бугунги кунда уларнинг сони 35 мингтага етиб, 5,2 баробарга ошган.

Худди шундай, сув солиғи тўловчилари сони 3,4 мингтадан 49,3 мингтага ёки 14,3 баробарга ортди. 

Мол-мулк солиғи тўловчилари сони 9,3 мингтадан 63 мингтага ёки 6,8 бараварга ҳамда ер солиғи тўловчилари сони 12,9 мингтадан 72,8 мингтага ёки 5,6 баробарга ўсди.

Халқаро экспертлар тадбиркорлик субъектларига тенг рақобат шароитини яратиш учун иқтисодиётда яширин савдо айланмаларини аниқлаш, бизнеснинг бўлинишига қарши курашиш ва келгусида олдини олиш юзасидан жаҳон тажрибасида синовдан ўтган механизмлар бўйича ўз фикр-мулоҳазалари ҳамда тавсияларини билдирди.

Жумладан, Ражул Авасти кўплаб мамлакатларда иқтисодий ва солиқ ислоҳотларида иштирок этган мутахассис сифатида бу борадаги тажрибаси билан ўртоқлашди ва Ўзбекистондаги солиқ ислоҳотларининг дастлабки натижаларига ижобий баҳо берди.

Мавзуга оид