Жамият | 16:52 / 28.02.2019
16479
3 дақиқада ўқилади

Самарқандда икки кишининг ўлими билан тугаган заҳарланиш ҳолати ҳақида расмий маълумот берилди

Фото: EPA

Ургут туман Тиббиёт бирлашмаси марказий шифохонасига 2019 йил 22 февраль куни соат 22:10 дан 23 февраль куни соат 12:00 га қадар Ургут туман Ургут шаҳарчаси Катта Торинжак маҳалласидаги хонадонлардан бирида яшовчи 8 нафар фуқаро “Ботулизм” касаллиги ташхиси билан ётқизилган.

Республика Давлат санитария- эпидемиология назорати маркази хабарига кўра, ўтказилган дастлабки эпидемиологик текширув натижаларида аниқланишича, беморлар 2019 йил 21 февраль куни кечки соат 18:00ларда ўз хонадонларида уй шароитида тайёрланган 3 литрли шиша идишдаги помидор шарбатли бодринг консервасини очиб, ош билан истеъмол қилишган.

Дастлаб, 2019 йил 22 февраль куни соат 22:10да 2003 йилда туғилган бемор шахсий машинада шифохонага олиб келинган, шифокор кўригидан ўтказилгандан сўнг, кўнгил айниш, ҳолсизлик, кўз олди хиралашуви, қовоқлар осилиши каби касаллик белгилари билан шифохонанинг реанимация бўлимига ётқизилган, сўнгра қолган беморлар ҳам шифохонага олиб келинган.

Беморларга тегишли даволаш муолажалари ўтказилган, лабораторияда текшириш учун биоматериаллар олинган. Ўтказилган даволаш ишларига қарамасдан 2 нафар бемор (1949 йилда туғилган ва 2003 йилда туғилган) вафот этган. Қолган 6 нафар беморлар даволанмоқда.

Заҳарланиш келиб чиқишига хонадон эгалари томонидан тайёрланган, ботулизм қўзғатувчилари билан зарарланган помидор шарбатли бодринг консерваси сабаб бўлган.

Қайд этилган ҳолат юзасидан тиббиёт ходимлари томонидан Катта Торинжак маҳалласидаги 1154 та хонадон ўрганилган, 4877 нафар фуқаро тиббий кузатувдан ўтказилган. Хонадонларда аниқланган 644 литр уй шароитида тайёрланган турли хил сабзавотли консервалар аниқланиб, тўкиб ташлаш йўли билан йўқ қилинган. Хонадонда консерва маҳсулотлари тайёрламаслик ҳақида ҳамда уй шароитида тайёрланган консерва маҳсулотларини сотиб олиб истеъмол қилиш инсон ҳаёти ва соғлиги учун хавфли эканлиги тўғрисида тушунтириш ишлари ўтказилмоқда.

Ботулизмга чалинмаслик учун ҳар бир инсон қуйидагиларни амал қилиши керак:

уй шароитида помидор, бодринг, патиссон маринади, бақлажон икралари каби консерва маҳсулотларини тайёрламаслик;

белгиланмаган жойлар, кўча-куйларда сотилаётган консерва маҳсулотларини харид қилмаслик;

дўконлардан консерва маҳсулотларини харид қилиш жараёнида маҳсулот ёрлиғи ва унда келтириб ўтилган ишлаб чиқарувчи корхона номи, ишлаб чиқарилган санаси, яроқлилик муддатига алоҳида эътибор бериш.

Мавзуга оид