Ўзбекистон Республикаси жисмоний тарбия ва спорт вазири Дилмурод Набиев бошчилигидаги делегация ишчи ташриф билан Хитой Халқ Республикаси (ХХР)да бўлиб турибди. Ташрифдан ХХР билан ҳамкорликда жисмоний тарбия ва спортни оммалаштириш бўйича дунёда етакчи ўринлардан бирида турувчи Хитой тажрибасини Ўзбекистонда татбиқ этиш, мазкур йўналишда ўзаро ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш, хусусан, биргаликда мутахассислар тайёрлаш тизимини шакллантириш каби қатор мақсадлар кўзланган.

Фото: Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги

Ўзбекистон ва Хитой спорти мутасаддиларининг бу галги учрашуви дунёнинг энг катта ўнта шаҳридан бири бўлган Шанхайдан (аҳолиси 21,4 млн киши) бошланди. Дастлаб Шанхай муниципал ҳукумати вице-мери жаноб Чэнь Цюнь ва мамлакатимиз делегацияси раҳбари – Жисмоний тарбия ва спорт вазири Дилмурод Набиев бошчилигида томонлар оммавий, яъни барча аҳоли учун мўлжалланган маҳаллий спорт мажмуаси ҳамда спорт мактабини кўздан кечиришди.

Фото: Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги
Фото: Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги
Фото: Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги

Учрашув давомида спорт соҳасида ўзаро тажриба алмашиш, юртимизда Шанхай спорт университети билан ҳамкорлик дастури асосида спорт турлари бўйича ўзбекистонлик мураббийлар, спортчилар ҳамда талабалар маҳоратини ошириш, аҳолини спорт билан шуғулланиши учун қулай шарт-шароитлар яратиш, спорт иншоотлари моддий-техник базасини мустаҳкамлаш каби йўналишларда ҳамкорлик қилиш бўйича бир қатор муҳим келишувларга эришилди.

Фото: Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги

Дилмурод Набиев Ўзбекистонда спорт соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида мезбонларга батафсил маълумот берди.

Шундан сўнг вакилларимиз Шанхай спорт университетида бўлиб, бу ердаги мавжуд шароитлар ва таълим жараёнларининг йўлга қўйилиши билан танишишди. Ушбу олий таълим муассасасида спорт журналистикаси, спорт медицинаси, спорт менежменти, спорт психологияси йўналишлари бўйича мутахассислар тайёрлаш йўлга қўйилган.