Навоий вилояти ҳокими Қобул Турсунов бошчилигидаги вилоят расмий делегацияси 20-22 февраль кунлари Хитой Халқ Республикаси вилоятлари ўртасида савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва кенгайтириш доирасида Хитойга ташрифини амалга оширди.

Вилояти ҳокимлиги Ахборот хизматидан хабар берилишича, дастлаб, Ўзбекистоннинг Пекиндаги Элчихонаси ҳамда Шанхайдаги Бош Консулхонаси кўмагида 20 февраль куни Ханчжоу шаҳрида Навоий вилояти ҳамда Чжэнцзян провинцияси ўртасидаги Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича Бизнес-форуми бўлиб ўтди.


100 га яқин хитойлик ишбилармон доиралари қатнашган мазкур форумда Навоий вилоятининг инвестициявий ва туризм салоҳиятини намоён этувчи тақдимот ва инвестицион таклифлар намойиш этилди. Бизнес форум доирасида Навоий вилояти ишбилармон доиралари ва Хитой компаниялари вакиллари ўртасида музокаралар бўлиб ўтди. Музокаралар натижаларига кўра, икки мамлакат хўжалик юритувчи субъектлар ўртасида Ўзбекистонда экспортбоп маҳсулотларни ишлаб чиқариш учун юқори технологик ускуналарни етказиб бериш бўйича келишувларга эришилди.


Ташриф давомида делегация аъзолари томонидан қурилиш, тоғ-кон, кимё, қишлоқ хўжалиги соҳаларида етакчи ҳудудий корхоналарнинг фаолияти билан яқиндан танишиш мақсадида Чжэцзянь, Фуцзянь, Шаньдун ва Цзянсу провинцияларига сафар уюштирилди.















