Жаҳон | 12:42 / 02.03.2019
22702
2 дақиқада ўқилади

Бишкек Россияга «Хитой - Қирғизистон - Ўзбекистон» темир йўли бўйича таклиф билан чиқди

Қирғизистон ҳукумати Россияни «Хитой - Қирғизистон - Ўзбекистон» темир йўли қурилиши лойиҳасини амалга оширишда иштирок этишга таклиф қилди. Бу ҳақда 1 март куни Бишкекда, Қирғизистон - Россия ҳукуматлараро комиссиясининг 21-йиғилиши якунларига изоҳ бериб, республика бош вазири ўринбосари Жениш Раззоқов маълум қилди.

«Биз «Хитой - Қирғизистон - Ўзбекистон» йўли бўйича шундай таклиф билан чиқдик, ҳозир экспертлар гуруҳи ва Россия Транспорт вазирлиги мутахассислари буни ўрганмоқда», - деди у. Унинг маълумотларига кўра, Россия томони ҳали қарор қабул қилмади, аммо «бунга қизиқмоқда», дея хабар беради ТАСС. 

Бош вазир ўринбосарининг таъкидлашича, бу банд ҳукуматлараро йиғилишнинг якуний баённомасида акс эттирилган. Ҳужжатда қайд этилишича, «Россия темир йўллари» компанияси лойиҳада ҳамкор сифатида иштирок этиши мумкин.

Режалаштирилаётган темир йўлнинг узунлиги 268 км.ни ташкил этади. У Қошғар шаҳридан бошланади ва Арпа водийси орқали Қорасув шаҳрига, сўнгра Андижонга олиб боради. Бу йўл Шарқий Осиё учун Европага тўғридан-тўғри чиқиш йўналишига айланади. Унинг қурилиши Қирғизистоннинг Хитой ва Марказий Осиё мамлакатлари билан автомагистрал қатновларини сезиларли даражада ихчамлаштиради. Хитойнинг Тинч океани қирғоқларидан юкларни етказиб бериш ҳафталар эмас, балки ойларни талаб қилади. Шунга кўра, Қирғизистон ўз маҳсулотларини денгиз бўйича экспорт қилиш имконига эга бўлади.

Бундай йирик лойиҳани амалга ошириш масаласи кўп йиллар давомида Қирғизистон, Хитой ва Ўзбекистон томонидан муҳокама қилинмоқда.

Мавзуга оид