Мақоламиз қаҳрамони, самарқандлик 80 ёшли онахон ҳам мана ўн йилдирки, айби нимада эканлигини англаб етмаган.
Одатий кунларнинг бирида Йозеф К. эрта тонгда уйқудан уйғонгач, тўсатдан, ўзининг нимададир айбдорлиги ва у ҳибсга олиниши кераклигини билиб қолади. Ҳар доимгидай унга нонушта кўтарган хизматчи кириши лозим бўлган эшикдан нотаниш, қоп-қора кийинган киши тап тортмай бостириб келади…
Франц Кафканинг мухлислари бу воқеа "Жараён"нинг бошланишидаги илк эпизод эканлигини англаган бўлсалар керак. Аллақандай мавҳумот билан бошланган воқеалар ривожи кишини қизиқтириб қўяди. Аммо асарни ўқиганингиз сайин чалкашликдан мураккабликка ўтиб борилаверади. Асар қаҳрамони "Айбим нима ўзи?", деган саволлар қаршисида қолаверади, ўқувчилар ҳам шу саволга жавоб излайверади.
Ушбу мақоламиз қаҳрамони ҳам мана ўн йилдирки, айби нимада эканлигини англаб етмаган. Унга ҳам Кафканинг қаҳрамони сингари кунларнинг бирида суддан мактуб келади. Аслида мактуб унга эмас, ўзи истиқомат қиладиган уйнинг аввалги эгаси номига эди. У бир неча марта бундай мактубни почта орқали қайтариб жўнатади. Сабаби, 4/44-уйда энди бундай исмли шахс истиқомат қилмайди. Аммо қайта-қайта келавергач, мактубни очиб қарайди. Шунда… Келинг, яхшиси воқеани бир бошдан баён қилайлик.
Румия Раҳматуллаева ҳозирда саксон ёшни қоралаб қолган онахон. Бундан 14 йил аввал қариганда қулайроқ бўлсин, дея Самарқанд шаҳридаги ҳовлисини сотиб, Форобий кўчасидаги 4-уйдан 44-хонадонни сотиб олди (буни қарангки, кўпчилик бир хил рақамларни омадли ҳисоблаб, шунга интилади. Аммо, омад дегани рақамларда эмас экан-да?!). 2006 йилдан 2015 йилга қадар шу уйда истиқомат қилди. Лекин юқорида таъкидланган мактуб Румия опанинг қўлига 2009 йилда келиб тушади. Ҳуқуқни ҳимоя қилиш тизимида ишлагани учун, икки-уч бор суддан мактуб келавергач, кўнглида шубҳа пайдо бўлди. Нега унинг уй манзилига суддан хат келяпти? Мактубни очиб қараса, у ерда уйни унга сотган одам, яъни Р.Мамедовни Румия опа истиқомат қилаётган уй кимга тегишлилигини аниқлаш учун ўтказиладиган судга таклиф этилган хабарнома экан. Бу хабар унинг бошидан бир челак совуқ сув қуйгандек бўлди. Наҳотки, у низоли уйни сотиб олган бўлса? Ахир ҳаммаси қонуний ҳал этилган, олди-сотди шартномаси мавжуд, нотариус тасдиқлаган эди-ку. Нега бундай бўлиб чиқди? Румия опа суд идораларига бориб, аҳволни ўрганишга киришади. Билса, ҳақиқатан ҳам ўзи истиқомат қилаётган уй масаласида суд иши кетаётган экан. Шундан сўнг Румия опанинг тинчи бузилди.
Румия Раҳматуллаеванинг аниқлашича, 2005 йилда фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судининг ҳал қилув қарори билан даъвогар Мамедов Раҳмон Қамбаралиевични жавобгар Ордуханян Светлана Валеровна ва Ясюкович Людмила Борисовналарга нисбатан олди-сотди битимини ҳақиқий деб топиш ва уй-жойдан чиқариш тўғрисидаги даъвоси қаноатлантирилади. Мамедов Раҳмон билан жавобгар Ордуханян Светлана Валеревна ўрталарида оғзаки равишда тузилган Самарқанд шаҳар Форобий кўчаси, 4-уй, 44-хонадоннинг олди-сотди битими ҳақиқий деб топилади. Шу асос билан Р.Мамедов ўзига тегишли бўлган уйни сотувга қўяди ва уни мақоламиз қаҳрамони, айни пайтда уйсиз қолган Румия Раҳматуллаевага сотади. Шу гапнинг ўзи кўп саволларга ойдинлик киритади. Румия опа уйни Мамедовдан сотиб олган, Мамедов эса Ордуханяндан.

















