Иқтисодий барқарорликка эришиш минглаб тадбиркорлар, мансабдор шахслар ва ишчи-хизматчиларнинг заҳматли меҳнатлари эвазига барпо этилади. Бу меҳнатларнинг энг оғир юки тадбиркорлар гарданига тушади. Бир тадбиркорга нисбатан қилинган ноҳақлик шундай фаолиятни бошлаш иштиёқида турган юзлаб кишиларнинг ниятининг сўнишига сабаб бўлади.

Андижонлик тадбиркор Ҳошимжон Норхўжаев ҳам ҳақиқат қарор топиши учун қаттиқ чиранмоқда. Бу чираниш 23 йилдирки сўнгани йўқ. Унинг муаммоси матбуотда ва телевидениеда ёритилган. Бу тадбиркор бизга ҳам мурожаат қилди. Бу мурожаат тадбиркорнинг 300 минг долларга тенг мулки олиб қўйилиши ҳақида.

Видео: Mover (tas-ix)

Видео: Youtube

«Амалдорлар қалбаки ордер тайёрлашди»

«Мустақилликнинг дастлабки йилларида Россиядан жиҳозлар олиб келиб, тадбиркорликни йўлга қўймоқчи бўлдим. Советлар пайтида бизни савдогар, чайқовчи дейишарди. Мустақилликдан кейин тадбиркорликка эътибор бериш менга жуда қўл келди. Эски россиялик танишларимдан сармоя олиб келдим. Бошида ишларим яхши юришди. 300 минг АҚШ долларига тенг маблағга иккита музқаймоқ цехи олиб келдим. 1994-95 йилларда яхшигина даромад қилдим. Ишим анча кўзга ташланди. Мендан нафақат Наманган, Фарғона, балки Самарқанддан ҳам келиб музқаймоқ олиб кетишар эди. Тадбиркорлигимни яна ҳам кенгайтираман деб ният қилгандим. 1000 бош қорамол сотиб олиб, сутни ҳам ўзимизда йўлга қўяман дегандим. 1995 йил 1 январда заводни олиб келтирдим ҳам. Ёзда қуриб битказдик. Барча ишларни кредит олмасдан бажардим. 300 минг долларни россияликлардан, 150 минг долларни ўзимиздаги сармоядорлардан олдим.

Ўша вақтлари Қобилжон Обидов деган вилоят ҳокимимиз бор эди. 1995 йил 25 сентябрда у кишининг ўғли, вилоят МХХ бошлиғи ва бошқа амалдорлар, хусусан тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш ташкилоти вакиллари келишиб қалбаки ордер тайёрлашган экан. Шу ҳужжат асосида мени цехимдан ҳайдаб чиқаришди. Ҳеч қандай суд қарорисиз. Қилган ишларинг ноқонуний деб олиб кетишди. Бу ишларнинг ҳаммаси ўша вақтда матбуотда чоп этилган», дейди мурожаатчи.