ЎзМТРК медиамарказида Uzbekistan airways вакиллари иштирокида бугун тунда миллий авиакомпаниянинг Россия Федерациясининг Санкт-Петербург шаҳри “Пулково” халқаро аэропортига HY631 рейс билан Тошкент – Санкт-Петербург йўналиши бўйича учиб, қўниш чоғида учиш-қўниш йўлагидан чиқиб кетган UK 67008 рақамли Boeing 767-33P/ER самолёти юзасидан матбуот брифинги ўтказилди.

Брифингда Uzbekistan airways учувчилар мажмуаси раҳбари Денис Солодовников ва авиакомпания вакили Зумрад Шожалилова иштирок этишди.

Бўлиб ўтган воқеа юзасидан чиқиш қилар экан, Д.Солодовников шундай деди:

“2 март куни Москва вақти билан соат 21:59 да (Тошкент вақти билан 23:59 да) Uzbekistan airways миллий авиакомпаниясининг мунтазам асосда амалга оширилувчи HY631 рейси билан Тошкент – Санкт-Петербург йўналиши бўйича учаётган самолёти Санкт-Петербург шаҳрининг “Пулково” халқаро аэропортига қўнганидан сўнг, учиш-қўниш йўлагидан бурилишда тойиб, қисман грунтга чиқиб кетган”.

Д.Солодовниковга кўра, бунга эҳтимолли сабаб сифатида ноқулай об-ҳаво шароитлари, учиш-қўниш йўлаги ва бурилиш йўлагининг ҳолати бўлиши мумкинлиги тахмин қилинмоқда.

Самолёт бортида жами 241 нафар йўловчи (жумладан, 5 нафар ёш бола) ва 15 нафар экипаж аъзолари бўлган.

Россия Федерацияси Тергов қўмитаси ва Росавиация “Пулково” аэропортида рўй берган ҳодиса юзасидан суриштирув бошлаган.

Рўй берган воқеадан сўнг HY632 Санкт-Петербург – Тошкент рейсининг учиши кечиктирилган. Йўловчилар меҳмонхонага жойлаштирилган.

 Uzbekistan airwaysʼнинг UK 67008 рақамли Boeing 767-33P/ER самолёти Новосибирскнинг “Толмачево” аэропортида. Фото: Андрей Чурсин / planespotters.net

Брифинг давомида ҳаво кемаси командири Алишер Каримов Санкт-Петербургдан алоқага чиқди. У бўлган воқеани гапириб берди ва воқеа юзасидан журналистларнинг айрим саволларига жавоб берди.