Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси жойлаштирилди.
Ҳужжат билан Ўзбекистон Республикасининг 1994 йил 22 сентябрда қабул қилинган 2015–ХII-сонли қонуни билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қуйидаги ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиши мумкин:
қуйидаги мазмундаги 194-1-модда билан тўлдирилади:
«194-1-модда. Миллий гвардия ҳарбий хизматчиси (ходими)нинг қонуний талабларини бажармаслик
Миллий гвардия ҳарбий хизматчиси (ходими)нинг ҳуқуқбузарликни тўхтатиш, ҳужжатларни текшириш учун тақдим этиш, Миллий гвардия бўлинмасига бориш ёки кўрсатилган муддатда Миллий гвардия бўлинмасида бўлишдан иборат қонуний талабларини бажармай Миллий гвардия бўлинмасига келмаслик, транспорт воситасини тўхтатиш, жабрланувчиларга ёрдам кўрсатиш ҳақидаги қонуний талабларини бажармаслик ёхуд Миллий гвардия ҳарбий хизматчиси (ходими)нинг қонуний талабларига бошқача тарзда бўйсунмаслик –
энг кам иш ҳақининг иккидан бир қисмидан икки бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, –
энг кам иш ҳақининг икки бараваридан уч бараваригача миқдорда жарима солишга ёки ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади»;
қуйидаги мазмундаги 195-1-модда билан тўлдирилади:
«195-1-модда. Миллий гвардия ҳарбий хизматчи (ходим)ларининг ўз хизмат бурчларини бажаришларига қаршилик кўрсатиш
Миллий гвардия ҳарбий хизматчиси (ходими)нинг ўз вазифаларини бажаришга тааллуқли қонуний талабларини бажармасликка ҳар қандай кўринишда омма олдида даъват қилиш, худди шунингдек Миллий гвардия ҳарбий хизматчи (ходим)ларига оммавий равишда бўйсунмасликни келтириб чиқариш мақсадида атайин сохта уйдирмаларни тарқатиш -
энг кам иш ҳақининг уч бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солишга ёки ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади».
















