Туризмни ривожлантириш нафақат иқтисодиёт, балки ижтимоий соҳалар тараққиётига ҳам хизмат қилади, деган эди Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев.
Туризмни ривожлантириш миллий концепциясига кўра, 2025 йилда хорижий сайёҳлар сонини 7 миллионга, туризм экспортидан келадиган йиллик даромадни эса 2 миллиард долларга етказиш режалаштирилган.
«Тан олиш керак, туризм соҳасида ижобий ўзгаришлар кўп бўлди, лекин 100 фоиз йўлга қўйилмаган масалалар ҳам етарлича», — дейди Бухоро туризми ҳамкор ташкилотлар ассоциацияси ижрочи директори Бекзод Идиев.
Kun.uz мухбири билан суҳбатда бўлган мутахассис амалиётда ўзи дуч келаётган муаммолар юзасидан мулоҳаза ва таклифларини баён қилди.
«Транспорт масаласи талабга жавоб бермайди»

Йўловчи ташиш воситалари бизда яхшигина ривожланган, «Афросиёб» дейсизми, «Дримлайнер»ми... Лекин уларнинг нарх-навоси ва рейсларнинг камлиги ноқулайликлар келтириб чиқаради.
Шаҳарлараро қатнов мавжуд эмас, десак ҳам бўлади. Логистиканинг энг содда ва примитив усулларига қараб қолганмиз. Поезд ва самолётнинг вақти тўғри келмаса, меҳмоннинг автобусга куни қолади. Лекин автобуслардаги аҳвол жуда ачинарли.
Яқинда ўзим оилам билан Туркияга бориб келдим. Шаҳарлараро сайрга автобусда қатнаганимга мутлақо пушаймон бўлганим йўқ. Йўловчининг ҳордиқ чиқариши учун нимаики керак бўлса, ҳаммаси ҳозир: мини телевизор, вай-фай, текис йўл, юқори даражадаги сервис... Бизда эса бир шаҳардан иккинчи шаҳарга автобусда бормоқчи бўлган одам тавбасига таянади.
Ўзим ҳам туристик фирмани юритаман. «Афросиёб» кунда атиги икки маҳал қатнайди. Автобуслар талаб даражасида эмас. Шунга қараб кун тартибини мослаштиришга мажбур бўласиз. Сайёҳ эса вақтни тежаши, қисқа муддатда кўп нарсага улгуриши керак. Якка ўзи келадиган сайёҳлар-ку қанча оворагарчиликка дуч келади.
«Туристик полиция лойиҳада бошқача эди»

Туристик полиция лойиҳасининг ишлаб чиқилишида ўзим бевосита иштирок этганман. У сайёҳларнинг хавфсизлигини таъминлаш, уларга максимал қулайлик яратишни кўзда тутади. Лойиҳа бўйича, тарихий, амирлик, хонликлар давридаги кийимларда, тил биладиган миршаблар бўлса, туристик йўналишлар бўйлаб отда айланиб юрса, сайёҳлар билан суратга тушса... Бу ҳам тарихий, эртакнамо муҳитни жонлантиради, ҳам сайёҳларда катта қизиқиш уйғотади.


















