Шу ҳафта бошида Россия иқтисодий ривожланиш вазири Максим Орешкин «ҳар қандай бошқарувчи раҳбар» каби президент лавозимида ишлашга қизиқиши ҳақида гапирди.

«Мен ҳамиша ҳозирги иш жойимда ҳали кўп ишларни амалга ошира олмаганимни айтиб келганман. Шу сабабли фақат мавҳум фикр билдиришим мумкин. Президент бўлиш ҳар қандай бошқарувчини қизиқтириши аниқ. Лекин энг асосийси, албатта, манфаат эмас, балки бундан мамлакатга ва одамларга бирор фойда тегишидир», деганди вазир «Коммерсант» журналистлар академияси тингловчиларига.

Орешкин президент бўлиш зиммага «ҳаддан ташқари кўп юк» юклашини қўшимча қилганди.

«Ҳозирги фаолиятимдан ҳам билиш мумкин. Иш жойимдаги оғир юкламадан ташқари тинимсиз зарурий югур-югурлар, президент, бош вазир ва бош вазир ўринбосарлари билан мажлислар… Мия бир лаҳзанинг ўзида турли мавзулар ўртасида кўчиб юриши шарт, иш эса ярим тунга қадар чўзилади. Тушунарлики, қанчалик юқори лавозимда бўлсанг, юклама ҳам шунча кўп бўлади. Агар сен мамлакат учун чиндан нимадир қилишни истасанг, бу юк ҳаддан ташқари оғир бўлади», деган у.

Максим Орешкин ким ўзи?
Орешкин — Россия ҳукумати таркибидаги энг ёш вазир ҳисобланади. Фаолиятини Россия банки ва Росбанкда бошлаган Максим Орешкин кейинроқ Молия вазири ўринбосари сифатида ишлаган, 2016 йилнинг ноябрида эса Алексей Улюкаев шов-шувли тарзда ҳибсга олиниши ва «ишончни йўқотиши сабабли ишдан бўшатилиши» ортидан иқтисодий ривожланиш вазирига айланганди.

«У ўзига бўлган ишончи билан киши эътиборини жалб қилади. Бу турли йиғинларда дарҳол кўзга ташланади. У ҳукуматнинг барча аъзолари ичида яққол ажралиб туради», — дея унга таъриф берган Би-би-сининг Россия ҳукуматдаги манбаси.

2017 йилда Bloomberg нашри Россия президентига яқин манбаларга асосланган ҳолда Орешкинни «Путиннинг янги арзандаси» дея таърифлаганди.

Манбалар МЭР (Министерство экономического развития) раҳбари аввалги вазирлардан фарқли равишда сиёсий аҳамиятга эга йирик халқаро форумларда Путинга ҳамроҳлик қилиши у президентнинг ишончли кишиларидан бирига айланганини айтишганди. Орешкин 2017 йилда Ҳамбургдаги G20 саммити вақтида Путиннинг Дональд Трамп билан учрашуви тафсилотлари ҳақида гапириб бергани ҳам бунга далил бўла оларди.