Ўғрилик бир қарашда эркакларнинг одатидек туюлади. Лекин тарихда шундай ўғри аёллар, фирибгарлик билан шуғулланган хонимлар ўтганки, улар заифалар бўлсалар-да, кучли жинс вакилларининг анча-мунчасини ортда қолдирганлар.

Сонька «Золотая Ручка»

Фото: Корреспондент

Россия империяси тарихидаги энг машҳур ўғри аёл – Сонька «Золотая Ручка» (Шейндля-Сура Лейбовна Соломониак) 1846 йилда яҳудий оиласида туғилди. Отасининг қонунбузар дўстлари кўп бўлиб, бу ҳолат унинг тарбиясига таъсир қилмай қолмайди.

Сонька империянинг чексиз ҳудудларида сочилиб кетган йирик шаҳарларни айланиб юраркан, юзлаб одамларни шип-шийдам қилиб кетган. Унинг домига илинганлар орасида савдогарлар, банкирлар, ҳарбийлар, судхўрлар, турли-туман амалдорлар, қўйингки пули бўлган барча соҳа вакиллари бўлган.

Энг машҳур ва самарали усулини у поездларда ва меҳмонхоналарда қўлларди. Поездда бойваччанинг чойига уйқу дори бериб бор-будини ўмарса, меҳмонхонада бадавлат одам ётган хонага тонг саҳар  кириб борар, агар у уйғонмаса, борини супуриб кетар, уйғониб қолса дарҳол ечинишни бошлар ва кейин хонани адаштириб юборганини баҳона қиларди. Шу усул билан у биргина генерал Фроловнинг хобгоҳидан 240 минг рублни ўғирлаб кетади. Бу 5-10 сўмга қўй, 30-50 сўмга қорамол сотиб олиш мумкин бўлган даврлардаги ўғирлик эди.

Кўплаб марта қамалишига қарамай ўз одатидан воз кечмаган бу аёл ҳақида пьесалар саҳналаштирилган, фильмлар ишланган, китоблар ёзилган.

Кэсси Чедвик

Фото: Википедия

XIX асрда яшаб ўтган бу аёл 14 ёшидаёқ чекларни қалбакилаштириб қўлга тушган. Кейинчалик у фолбинликни одат қилиб, Америка шаҳарлари бўйлаб кезганича мижозларини чув туширишга киришади ва ақл бовар қилмас бойликни ўмаради.

1897 йилда у ўз даврининг энг бадавлат ишбилармонларидан бири бўлган Эндрю Карнегининг уйи ёнига боради ва ўзини худди уйга кириб чиққандай тутиб, атрофдагиларга Карнеги имзоси бўлган 2 миллион долларлик вексель кўрсатади ва ўзини Карнегининг никоҳдан ташқари қизи деб таништиради. Қиёслаш учун оддий ишчининг бир кунлик маоши ўша пайтларда 1 доллар атрофида бўлган.  

Шаҳар бўйлаб магнатнинг қизи бўйича хабарлар тарқалади ва дарҳол аёл атрофида гумашталар пайдо бўлади. Кейинги 8 йил давомида «магнат қизи» ҳашамат ичида яшайди. Банклар унга истаганича қарз беришар, ҳеч ким Карнегидан бир оғиз сўрашга ботинмасди. Кэсси Чедвик бир қарзини ёпиш учун иккинчисини олар, ўзи ҳам истаганича пул совурарди. 1904 йилга келибгина унинг фириби ошкор бўлди ва 14 йилга қамалди.