Соғлом турмуш тарзи тарафдорлари орасида ҳаво тозалагич (фильтр) анча оммалашди. Аввал, бундай мосламалар саноат корхоналари, офис ё шифохоналарда ишлатилган бўлса, сўнгги пайтда фильтрдан уй шароитида фойдаланиш тренд даражасига кўтарилди. Айрим хонадон бекалари фақат ҳаво тозалагич хонадаги ифлос ҳавога қарши курашиши, кўчадан кираётган чанг ва аллергенларни камайтиришига ишонади. 

Фильтр бозори эса география танламай дунё бўйича кенгайиб бормоқда. Охирги 3 йилда ҳаво тозалагич мосламалари сотуви Жанубий Кореяда 3 баравар ўсди, ҳукумат мамлакатдаги барча мактабгача таълим муассасаларини ана шундай матоҳ билан жиҳозлашни режалаштирмоқда. 

Ҳар йили атмосферадаги ҳавонинг ифлосланиши туфайли 1,6 миллион киши ҳалок бўлаётган Хитойда ҳам фильтр бозоридаги савдо икки баравар ўсиб, йилига 7,5 миллион дона тозалагич сотилган қайд этилди. АҚШ бозорида бу турдаги мослама 2017 йилда 2,6 миллиард долларга тенг капитал ҳосил қилган бўлса, 2023 йилга бориб, ушбу кўрсаткич 3,9 миллиардга етиб бориши кутилмоқда.

Фото: REUTERS

Ҳаво тозалагичнинг оммалашиб, харидоргир бўлиши астма ва аллергик касалликларнинг кенг тарқалиши билан тенг юз берди. Айрим маълумотларга ишонадиган бўлсак, кўчага нисбатан хонадаги ҳаво 2-5 баравар ифлос бўлиши мумкин. Негаки, кўчада турли маиший аэрозол ва тозаловчи муҳит туфайли ҳаво янгиланиб туриши таъкидланади. Бизнес эса бу вазиятда трендни ҳис эта олди, ҳар куни янги ва янги мосламалар таклиф этилмоқда, улар орасида ифлосгарчиликни молекуляр даражада парчалаш қувватига эга мосламалар борлиги айтилади