«Дунё» ахборот агентлиги хабарига кўра, Ўзбекистоннинг Истанбулдаги бош консули Шерзод Абдуназаров Бакиркўй тумани маъмурияти раҳбари Айшегюль Овалиўғлу билан учрашиб, мактаб лойиҳасини муҳокама қилган.
Томонлар бўлажак мактаб Туркияда истиқомат қилаётган ўзбекистонликлар фарзандларини миллий қадриятлар ва она тилига ҳурмат руҳида тарбиялашда муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлаган.
Мактабга 2026 йил январ ойида Ўзбекистон ва Туркия президентлари иштирокида тамал тоши қўйилган эди. Шундан буён зарур ҳужжатларни расмийлаштириш ва объектни лойиҳалаштириш ишлари олиб борилган.
Учрашув якунида қурилишни имкон қадар қисқа муддатда бошлашга келишилган. Бакиркўй маъмурияти қурилиш ва ташкилий босқичларда зарур ёрдам кўрсатишга тайёрлигини билдирган.
Шу куни бош консул Туркия Миллий таълим вазирлиги вакиллари ҳамда Истанбул вилояти Миллий таълим бошқармаси раҳбарияти билан ҳам музокаралар ўтказган.
Учрашувларда Туркия томони ўтказган лойиҳа экспертизаси хулосаси ва аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича маълумотлар тақдим этилган. Ушбу тавсиялар асосида мактаб лойиҳасини ишлаб чиққан O‘zgüven компанияси ходимлари билан ишчи учрашув ҳам бўлиб ўтган.
Мактаб қурилиши бошланадиган ва муассаса очиладиган аниқ саналар хабарда келтирилмаган.

















