Жаҳон | 10:50 / 11.03.2019
29367
2 дақиқада ўқилади

Тожикистонда Марказий Осиёдаги энг йирик ГЭСни қайта тиклаш бошланмоқда

Фото: bigenc.ru

20 март куни Тожикистон президенти тожик энергетиклари шаҳрига амалий ташрифи давомида Нурек ГЭСни қайта тиклаш лойиҳасига старт беради.

Кутилишича, давлат раҳбари ГЭСни қайта тиклаш ишларига жалб этилувчи компания вакиллари билан учрашув ўтказади, деб хабар бермоқда «АП» республика ҳукуматидаги манбага таянган ҳолда.

Нурек гидро электр станциясини реабилитация қилиш бўйича халқаро тендер (биринчи босқич) 2017 йилнинг август ойи охирида эълон қилинди.

Ўшанда «Барки точик» энергетика ширкати тендердаги уч иштирокчидан бош офиси Австрияда жойлашган ANDRITZ компаниялар гуруҳини танлади.

2017 йил охирида «Нурек ГЭС Реабилитацияси, 1-босқич» лойиҳасини амалга ошириш учун 350 млн доллар йиғилди.

Лойиҳа реализацияси учун Халқаро тараққиёт ассоциацияси 225 миллион доллар ажратади, бундан 57 миллион доллар грант тариқасида, қолгани эса - имтиёзли кредит сифатида.

Евросиё Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси лойиҳани амалга ошириш учун 40 миллион долларни кредит тариқасида ажратди. Осиё инфратузилмага инвестициялар банки томонидан яна 60 миллион доллар миқдорида кредит ажратилади.

Ушбу лойиҳада Тожикистон ҳукумати улуши 25 миллион долларни ташкил этади.

Нурек ГЭСни қайта тиклаш бўйича биринчи босқич лойиҳаси беш йил ичида амалга оширилади.

Нурек ГЭСни тиклаш лойиҳаси икки босқичга бўлинган бўлиб, барча 9та гидроагрегат ва станция инфратузилмасининг муҳим компонентлари, автотрансформаторларни алмаштириш, қўшимча трансформаторларни реконструкция қилиш, тўғондан фойдаланиш хавфсизлигини ошириш, техник ёрдам кўрсатишни назарда тутади.

Лойиҳанинг иккинчи босқичини амалга ошириш учун тахминан 350 миллион доллар сарфлаш керак.

Нурек ГЭС тўлиқ тикланганидан сўнг, объектда электр энергияси ишлаб чиқариш 3300 МВт.ни ташкил этади.

Бундан олдин, Роғун ГЭС тўғонини қуриш апрелдан давом эттирилиши хабар қилинганди.

Мавзуга оид