Йўловчилар хавфсизлигини таъминлаш, кўрсатилаётган транспорт хизмати сифатини янада яхшилаш мақсадида “Тошшаҳартрансхизмат” АЖ раҳбарияти томонидан жамият таркибидаги автосаройлар томонидан йўналишларга чиқарилаётган автобусларнинг техник ҳамда санитария ҳолати янада қатъий назоратга олинмоқда.
Жамият хабарида айтилишча, раҳбарият бошчилигидаги махсус гуруҳлар эрта тонгдан автосаройларда бўлиб, йўналишларга чиқарилаётган автобусларни ҳар тарафлама кўздан кечирган.
Хусусан, жорий йил 11 март куни тонгда бир қатор автобус саройларида мониторинг ўтказилди. Мазкур жараёнда бир неча салбий ҳолатлар аниқланди.
Хусусан, 12-автосаройдан йўналишларга чиқарилаётган бир нечта автобуснинг санитария ва техник ҳолати талаб даражасида бўлмаганлиги сабаб йўналишга чиқишдан тўхтатилган.
Бундай ҳолатга беэътибор бўлгани учун масъул навбатчи муҳандис механик ишдан бўшатилди. Корхона бош муҳандисига эса ҳайфсан эълон қилинди, дейилади хабарда.














