Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида “Энергия тежамкор ва замонавий қурилиш материалларини ишлаб чиқаришни рағбатлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ҳужжат лойиҳаси жойлаштирилди.
Қайд этилишича, сўнгги йилларда республикада импорт ўрнини босувчи базальт асосидаги арматуралар, шиша толали композит арматуралар ва трубалар, ғўзапоя ва қамиш асосидаги плиталар, кўпикбетон, газбетон ва полистиролбетонлар, иссиқликни изоляцияловчи материаллар, энергия самарадор иситиш қозонлари ва ускуналари, қуёш сув иситиш ускуналари ишлаб чиқарилмоқда.
Шу билан бирга, бугунги кунда ушбу йўналишда олиб борилаётган ишлар таҳлил қилинганда, бир қатор камчиликлар мавжудлигини кўрсатмоқда. Хусусан:
биринчидан, энергия тежамкор, импорт ўрнини босувчи ва экспортга йўналтирилган қурилиш материаллари, буюмлари, конструкциялари ва ускуналарини ишлаб чиқарувчи корхоналарни қўллаб-қувватлаш механизмлар мавжуд эмас;
иккинчидан, шаҳарсозликда объектларни лойиҳалаштириш ва қуриш давомида уларни қўллашда рационализаторлик ишлари учун лойиҳа ташкилотларига, буюртмачи вазифасини бажарувчи инжиниринг компанияларига ҳамда қурилиш-пудрат ташкилотларига имтиёзлар ва преференциялар қўлланилмайди;
учинчидан, янги турдаги қурилиш маҳсулотларини шаҳарсозлик ишларида лойиҳалашда рухсат берувчи меъёрий ҳужжатларни ишлаб чиқиш талаб даражасида йўлга қўйилмаган;
тўртинчидан, қурилиш тармоғидаги илмий-тадқиқот институтларининг моддий-техника базаси етарли даражада ривожланмаган, лаборатория ускуна ва жиҳозлари маънан ва жисмонан эскирган, конструкторлик бюролари ва синов лаборатория ҳамда полигонларини йўқлиги эса янги турдаги илмий ва мураккаб маҳсулотлар намуналарини тайёрлаш ҳамда фундаментал, амалий ва инновацион илмий-тадқиқот ишларини сифатли ўтказилишига тўсқинлик қилмоқда.
Ҳужжат лойиҳасида айтилишича, “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда ҳудудларда фаолият юритаётган барча қурилиш маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхоналарини тўлиқ хатловдан ўтказиб, энергия тежамкор, импорт ўрнини босувчи ва экспортга йўналтирилган қурилиш материаллари, буюмлари, конструкциялари ва ускуналарини ишлаб чиқариш қувватлари тўғрисидаги маълумотлар базасини шакллантиради.

















