Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Вазирлар Маҳкамасининг “Ҳуқуқий тарғибот ишлари аълочиси” кўкрак нишонини таъсис этиш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси жойлаштирилди.
Ҳужжат билан “Ҳуқуқий тарғибот ишлари аълочиси” кўкрак нишони таъсис этилиши мумкин.
“Ҳуқуқий тарғибот ишлари аълочиси” кўкрак нишони тўғрисидаги низомга кўра, кўкрак нишони билан жамиятда аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга муносиб ҳисса қўшган давлат органлари ва ташкилотлар ходимлари аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини оширишда кўрсатган хизматлари учун тақдирланадилар.
Кўкрак нишони билан Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлмаган шахслар ҳам тақдирланиши мумкин.
Давлат органлари ва ташкилотлар ходимларини кўкрак нишони билан тақдирлаш бўйича таклифлар ҳар йили 1 октябрга қадар тегишли равишда Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармаларига тақдим этилади.
Республика даражасидаги давлат органлари ва ташкилотлар ўз ходимларини кўкрак нишони билан тақдирлаш бўйича таклифларни ҳар йили 1 октябрга қадар тўғридан-тўғри Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига тақдим этади.
Номзод бўйича тақдим этилган таклифларга илова сифатида номзоднинг объективкаси, сўнгги уч йил давомида у томонидан жамиятда ҳуқуқий онг
ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш борасида амалга оширилган ижобий ишлар тақдим этилади.
Ҳудудий адлия органлари томонидан номзодлар бўйича тақдим этилган ҳужжатлар белгиланган тартибда ўрганиб чиқилади ва номзодлар юзасидан хулосалар ҳар йили 20 октябрга қадар вазирликка тақдим этилади.
Ҳудудий адлия органлари раҳбарлари ўз ташаббусига кўра ҳам номзодлар тўғрисида ҳар йили 20 октябрга қадар вазирликка таклиф киритиши мумкин.
Ўзбекистон Республикаси адлия вазири томонидан кўкрак нишони билан тақдирлашга оид таклифларни кўриб чиқиш бўйича Комиссия ташкил этилади.
Комиссия йиғилишида номзодлар бўйича ҳужжатлар ўрганилиб, ҳар йили 20 ноябрга қадар энг муносиб номзодлар бўйича якуний хулоса қабул қилинади.
Ўзбекистон Республикасининг адлия вазири ўз ташаббуси билан ҳам давлат органлари ва ташкилотлар ходимларини кўкрак нишони билан тақдирлаши мумкин.

















