Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида “Ёшларни илм-фан соҳасига жалб этиш ва илмий-ижодий фаолиятини қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳужжат лойиҳаси жойлаштирилди.
Қайд этилишича, илмий-тадқиқот фаолиятига иқтидорли ёшларни жалб этиш натижалари таҳлили мазкур соҳада қатор тизимли муаммолар ва камчиликлар мавжудлигини кўрсатган. Жумладан:
биринчидан, мамлакатимизда илм-фан ва таълим соҳаларини ривожлантириш доирасида чуқур илмий тадқиқотлар ўтказиш учун ёш малакали мутахассисларни танлаб олишда ёш олимлар ва иқтидорли ёшларнинг умумий маълумотлар базаси яратилмагани жиддий қийинчиликлар туғдирмоқда;
иккинчидан, ёшлар орасидан давлат мукофотлари лауреатлари, республика ва халқаро олимпиадалар ғолиблари билан тизимли ишлар олиб борилмай, уларга фақат қимматбаҳо мукофотлар ҳамда таълим жараёнида белгиланган айрим имтиёзлар бериш билан чекланиб қолинмоқда;
учинчидан, иқтидорли ёшлар ва ёш олимларни таниқли олимлар раҳбарлигида илмий-тадқиқот фаолиятида бирлаштирувчи ва илмий мактабларни ривожлантиришга хизмат қилувчи ягона тизим мавжуд эмас. Вазирлик ва идоралар ҳузурида ташкил этилган Ёш олимлар кенгашлари фаолиятини молиявий қўллаб-қувватлаш чоралари ишлаб чиқилмаган;
тўртинчидан, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясини доимий аъзоларини кадрлар захираси билан тўлдириш масаласи кескинлигича қолмоқда, академикларни ўртача ёши ҳозирда 77 ёшни ташкил этади.
Ҳужжат билан Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги, Фанлар Академияси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва Ўзбекистон Ёшлар иттифоқининг:
Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузурида Ёшлар академиясини ташкил этиш;
Ёшлар академиясининг раислигини Ўзбекистон Республикаси инновацион ривожланиш вазирининг илмий даражага эга ўринбосарларидан бирига юклатиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилиши мумкин.
Ёшлар академиясининг вазифалари этиб қуйидагилар белгиланади:
вазирлик ва идоралар, жамоат ташкилотлари, илмий-тадқиқот ва таълим муассасалари билан ҳамкорликда ёшларни ижодий ва интеллектуал баркамол этиб тарбиялашга қаратилган амалий чора-тадбирларни ишлаб чиқиш;















