Аҳолининг «Тиббий тез ёрдам» хизматидан фойдаланиши учун кейинги йилларда жуда улкан ислоҳотлар амалга оширилди. Машина парки тубдан янгиланди, қишлоқ врачлик пунктлари таъмирланмоқда, «тез ёрдам» машиналарининг олис қишлоқлардан бўладиган чақирувларга ҳам зудлик билан етиб бориши таъминланмоқда.

Бироқ бу шарафли касб эгалари аҳён-аҳёнда маст ва ҳуқуқбузар беморлар, шунингдек, вафот этган беморларнинг яқинлари томонидан калтаклангани ҳақидаги хабарлар тарқалиб туради.

Kun.uz таҳририятига Самарқанд вилоятининг Қўшработ туманида рўй берган шундай бир воқеа ҳақида хабар етиб келди.

Қўшработ туманининг Жўш қишлоғида тез тиббий ёрдам кўрсатиш бўлими фаолият кўрсатмоқда. У ерда чақирув қилган беморлар олдига ўз вақтида етиб бориш учун бир дона «Дамас» автомашинаси ажратилган.

7 март куни кечаси соат 22:00-23:00 орасида Жўш қишлоғида истиқомат қилувчи фуқаро Р.О.дан чақирув келиб тушади. Медицина олийгоҳини яқинда тамомлаб, 2018 йилнинг ноябридан буён умумий амалиёт шифокори бўлиб ишлаётган ва шу куни навбатчилик қилаётган М.К. фельдшер ва ҳайдовчи Ш.П. билан биргаликда (Kun.uz’га маълум исм-фамилиялар айрим сабабларга кўра ошкор этилмаяпти) кўрсатилган манзилга боришади.

— Р.О.нинг ўзи қўнғироқ қилиб, мазаси бўлмаётганини айтиб, гемодез деган дори харид қилиб келишимизни буюрди. Борганимизда уни маст ҳолатда учратдик. Қон босимини ўлчадик, бошқа симптомларга кўзимиз тушмади. «Мана шу дорини томчилатиб томиримга жўнатасизлар», деб битта ампула берди. Уй қоп-қоронғи эди. Мен бундай қила олмаслигимни, бу номаълум дори эканини айтдим. Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланган 34та дори воситаси ичидан бошоғриқни қолдирадиганини ёзиб бердим. Шунда у мени ҳақорат қилиб урди. Фельдшер ажратишга ҳаракат қилди. Жуда ёмон сўзлар билан ҳақоратлади. (Шифокор бўлиб ўтган воқеанинг аудиосини уяли телефонига тўлиқ ёзиб олган).

Шундан сўнг, шовқин-суронни эшитиб, Р.О.нинг ён қўшниси ва амакиваччаси Т.О. ҳам уйга кириб келади ва фельдшерни бўғиб олади. «Ҳеч қаерга кетмайсан, эрталабгача мана шу ерда ўтирасан», дейишади. Шифокор ва фельдшер бошқа фуқаролардан ҳам чақириқ бўлиши мумкинлиги, уларга ҳам тиббий хизмат кўрсатиш кераклигини айтиб, уйни тарк этишади ва кўчада кутиб турган «Дамас» тез ёрдам машинасига ўтиришади. «Бемор» Р.О. кўчага чиқиб, шифокорнинг қўлидан дорилар солинган қутини юлиб олади. Ўзини эса машинадан тортиб тушириб, яна уйга судраб олиб киради. Бу вақтда Т.О. бошқа томондан келиб, ҳайдовчи Ш.П.нинг кўзига қаттиқ мушт туширади.