14:00 / 16.03.2019
22630

Москва аэропортида иккита самолёт тўқнашиб кетишига бир бахя қолди

Фото: Алексей Никольский / РИА Новости

Москвадаги Шереметьево аэропортида иккита самолёт ўзаро хавфли масофага яқинлашди. Бу ҳақда «Интерфакс» воқеадан хабардор манбага таянган ҳолда хабар бермоқда.

Агентлик маълумотига кўра, бу жума, 15 март куни кечқурун содир бўлган. Британия авиакомпаниясининг Boeing юк самолёти иккинчи айланага кетишда парвозга кўтарилаётган йўловчи бортига хавфли масофада яқинлашган. Агентлик суҳбатдошининг аниқлик киритишича, юк самолёти биринчи уринишда қўна олмаган ва иккинчи айланага кетган. Шу билан бирга, «у, катта эҳтимол билан, Москва-Пекин йўловчи лайнери яқин масофада парвозга кўтарилаётганини ҳисобга олмаган».

Хавфли масофада яқинлашув ҳақидаги огоҳлантириш тизими ишлаб кетган ва самолётлар бир-биридан хавфсиз тарзда узоқлашган. Ҳеч ким зарар кўрмади.

Шу каби ҳодиса 2018 йил қишида ҳам Шереметьевода содир бўлганди. Ўшанда Таллиндан Москвага рейсни амалга ошираётган «Супержет» самолёти қўниш пайтида Мурманскдан учиб келган «Боинг» авиалайнерига хавфли масофада яқинлашган. Сигнализация ишлаб кетган вақтда авиалайнерлар орасидаги масофа қарийб 600 метрга тенг эди.

Top