16:56 / 17.03.2019
110411

Янги Зеландия террорида қаҳрамонлик кўрсатган Абдул Азиз воқеа тафсилотларини айтиб берди

Фото: REUTERS /Edgar Su

​Янги Зеландияда 28 ёшли Брентон Таррантнинг мудҳиш террори оқибатида 50 киши ҳалок бўлди, яна кўплаб одамлар яраланди. Жума куни масжидда қолган мусулмонлар оммавий отиб ташланди. Террорчи эса ҳаракатини яшириб ўтирмади: у барчасини ижтимоий тармоқларда эълон қилган. 

Аммо ҳодиса иштирокчиси, 48 ёшли асли афғонистонлик Абдул Азиз банкомат ёрдамида террорчини қувиб юборишга, қолганлар жонини сақлаб қолишга муваффақ бўлган. 

«У ҳарбий либосда эди. Унинг кўринишидан кимларга мансублигини билиб бўлмасди. У менга сўкинишни бошлаганда, қурол кўтарган киши яхшилардан эмаслигини тушундим», — дея Reuters'га интервью берган у. 

Азизнинг айтишича, масжиддаги отишма бошланганда у кредит карта машинасидан (банкомат)​ қалқон ва қурол сифатида фойдаланган. Мерган террорчи ўқдони тугагач, машинага қайтади ва машинага яқинлашганда Азиз банкоматни машиналар орасидан улоқтирган. 

«У қуролни улоқтириб, бошқасини олди. Мен эса у ташлаган қуролни қўлимга олдим, лекин унда ўқдон йўқ экан. Мен унга бақириб, ўзимга чорладим. Мақсад —​ унинг эътиборини ўзимга тортиш. У эса масжидга йўл олди, мен ҳам ортидан юрдим», — дейди у интервьюсида.

Террорчи билан тўқнаш келган Азиз ўқдони йўқ қуролни унга қаратган, Таррант эса қўлидаги қуролни ҳам ташлаб қочишга тушган.

«У машинасига бориб ўтирганда мен автомобиль ойнасидан унга қаратиб қуролни​ отдим. Бу пайтда тўрт фарзандим ҳам масжид атрофида бўлганди», — дейди у.

Фото: REUTERS /Edgar Su

Азизнинг саъй-ҳаракати билан юзга яқин мусулмон биродарлар отишмада омон қолди.

​«Масжидга кирганимда барча қўрқувдан донг қотганди, уларга қўрқмасликни, у кетганини билдирдим. Шунда ҳамма йиғлашни бошлади», — дея ҳикоя қилиб берган Азиз.

​Террорчи ҳодисадан 36 дақиқа ўтиб ушланди. У қотилликда айбланиб, ҳибсга олинган. Тинимсиз урушлар исканжасида қолган ватани — Афғонистонни тарк этиб, Янги Зеландияга келган Азиз Крайстчерч шаҳрида 2,5 йилдан буён истиқомат қилади ва мебел дўконини юритади.

Шунга қарамай, отишма чоғида яқинларини ҳимоя қилмоқчи бўлган бошқаларнинг кўпи ҳалок бўлди. Хусусан, келини Наима Хонни ўқдан тўсиб қолган 50 ёшли Наим Рашид ва унинг 21 ёшли ўғли воқеа жойининг ўзида жон таслим қилган. ​

Top