Самарқанд вилоятининг Жомбой туманида Наврўз умумхалқ байрами муносабати билан халқаро кўпкари мусобақаси ўтказилди. Мусобақа ташкиллаштирилган Жомбойдаги бу сойлик чавандозлар ўртасида “Генерал майдон” номи билан машҳур.

 

Вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан ўтказилган мазкур кўпкари мусобақаларида республикамизнинг турли вилоятлари, шунингдек, Қирғизистон, Тожикистон ва Қозоғистондан келган 500 дан зиёд чавандоз полвонлар иштирок этишди.

Масканга ўтовлар тикилди. Минглаб одамларга иссиқ таом ва ичимликлар сотуви йўлга қўйилди. Томошабинларнинг автомобиллари учун жуда кенг майдонда автотураргоҳ тайёрланиб, ЙПХ инспекторлари навбатчилиги ташкил этилди. Миллий гвардия ва вилоят ИИБ ППХ ходимлари эса қарийб 3 гектарлик майдон бўйлаб томошабинларнинг хавфсизлигини таъминлаб туришди. Майдон чангимаслиги учун сув сепиб турилди.

Ўн минглаб томошабинлар кўз ўнгида кечган халқаро кўпкари мусобақасининг яккалик курашларида икки марра ўртасида бориш ва қайтиш учун алоҳида 32 марта солим солинди.