«Ювентус»нинг илк мағлубияти, голларга бой тарзда ўтган Милан дербиси ва Италия чемпионатида турнинг бошқа воқеалари
|17:58 / 18.03.201912 02010 мин
Фото: MARCO BERTORELLO/AFP/Getty ImagesФото: MARCO BERTORELLO/AFP/Getty Images
Дам олиш кунлари Италия чемпионатида 28-тур ўйинлари ўтказилди. Унда эътиборга лойиқ бўлган бир қанча воқеалар юз берди.
«ЮВЕНТУС»НИНГ ИЛК МАҒЛУБИЯТИ
«Ювентус» сафарда «Женоа» билан ўйнади ва мавсумда илк маротаба ютқазди. Қачонлардир бу воқеа юз бериши керак эди. Аллегри Чемпионлар Лигасидаги «Атлетико»га (3:0) қарши оғир ўйиндан сўнг, етакчиларга дам берди, аммо таркиб барибир асосийга яқинроқ бўлиб қолди.
Биринчи бўлим тенг курашлар остида ўтди ва хавфли вазиятлар деярли юз бермади. Иккинчи бўлимда туринликлар фаолроқ ҳаракат қилдилар ва навбатдаги ғалабани қўлга киритишга яқинроқ эди. Бироқ, «Женоа» бош мураббийи Чезаре Пранделли майдонга захирадан Пандев ва Стурарони туширди. Бу қарор ўйин тақдирини ҳал қилди. 72-дақиқада Стураро узоқ масофадан аниқ зарба йўллаб, чиройли гол уришга муваффақ бўлди. Орадан 10 дақиқа ўтгач, Пандевнинг ўзи Куаме бошлаган ҳужумни мантиқий якунига етказиб, ҳисобдаги фарқни оширди. Қолган дақиқаларда «Ювентус»нинг вазиятни ўнглаш учун қилган барча ҳаракатлари самарасиз кетди.
Қайд қилиш жоизки, 1-даврада «Ювентус» илк маротаба «Женоа»га қарши ўйинда очко йўқотган эди. Энди эса мавсумда илк маротаба ютқазди.
Бу натижадан сўнг, «Ювентус» 75 очко билан 1-ўринда, «Женоа» эса 33 очко билан 11-ўринда бормоқда.
«Наполи» ўз майдонида «Удинезе» билан ўйнади ва 4:2 ҳисобида қийинчилик билан ғалаба қозонди. Аввалги 2 турдаги мағлубият ва дурангдан сўнг, неаполликлар ўз мухлисларини хурсанд қилишга муваффақ бўлишди.
1-бўлим голларга бой тарзда ўтди. Дастлаб «Наполи» Юнус ва Кальехон голлари эвазига 2:0 ҳисобида олдинга ўтиб олди. Бироқ, қисқа муддатли хотиржамлик мезбонларга қимматга тушди. «Удинезе» 6 дақиқа ичида Лазанья ва Фофана голлари эвазига ҳисобни тенглаштира олди. Иккинчи бўлимни «Наполи» яхши ўтказди ва яна 2та гол уриб, якунда ғалаба қозонишга муваффақ бўлди. 57-дақиқада Милик, 70-дақиқада Мертенс гол уриб, жамоасининг ғалабасига ҳисса қўшишди.
Бу натижадан сўнг, «Наполи» 60 очко билан 2-ўринда, «Удинезе» эса 25 очко билан 16-ўринда бормоқда.
28-турдан ўрин олган «Женоа» - «Ювентус» ўйинидан олдин қизиқ воқеа юз берди.
«Луижи Феррарис»да ўтадиган баҳс учун чиқарилган барча чипталар бир неча кун олдин сотиб юборилган эди. Аммо, Криштиану Роналду «Ювентус» қайдномасига киритилмагач, маҳаллий мухлислар «Женоа» офисига қўнғироқ қилиб, чипталар учун тўланган пулни қайтаришни талаб қилишган. Клуб раҳбарияти эса бунинг иложи йўқлигини маълум қилган.
Қизиғи шундаки, «Женоа» бу ўйинда «Ювентус»ни 2:0 ҳисобида мағлуб этишга муваффақ бўлди. Бу туринликларнинг А Серия жорий мавсумидаги илк мағлубияти бўлди.
28-турда юқори сермаҳсуллик намойиш қилинди
А Серия 28-турида жамоалар жуда кўп гол уриб, мухлисларни хурсанд қилишга муваффақ бўлишди.
Ўтказилган 10та ўйинда дарвозалар 42 марта ишғол қилинди. Бу эса ҳар бир ўйинда ўртача 4,2 гол демакдир.
Энг кўп гол «Сассуоло» - «Сампдория» ўйинида урилди - 8та. Мезбонлар бу баҳсда 3:5 ҳисобида мағлубиятга учрадилар.
Криштиану Роналду Италия чемпионатини юқори савияда эканини тан олди
Криштиану Роналду Италия чемпионатини ҳужумчилар учун энг мураккаб деб ҳисобламоқда.
«Испания ёки Португалияни соғинмадим. Мен ажойиб клубни тарк этдим, у ерда дўстларим қолди, аммо ҳозир Италияда ҳам шу нарсаларга эгаман. Менга кўчиб ўтиш қийин бўлмади – тақвимимиз жуда тиғиз, аммо бу ерда тўп тепиш мен учун жуда қизиқ ва шароитга ҳам тезда кўникиб олдим. А Серияда гол уриш Испаниядан қийинроқ, чунки у ерда жамоалар очиқ ўйин намойиш қилишади. Бу ерда эса эътибор ҳимояга қаратиларкан, ҳужумга эмас. Мен 5 йил Англияда ўйнаганман ва тан олишим керак, Италияда гол уриш анча қийин», — деб Роналду сўзларини келтирмоқда Marca.