Қозоғистонда Назарбоевнинг истеъфосидан кейин доллар атрофида ажиотаж бошланди. Миллий банк аҳолини тинчлантирди
Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев 19 март куни истеъфога чиқишини эълон қилгандан кейин мамлакатда доллар оммавий равишда харид қилина бошланди.
Маълум қилинишича, Қозоғистондаги валюта айирбошлаш шохобчаларида доллар курси кескин кўтарилиб кетган. Баъзи шохобчаларда ажиотаж сабабли доллар тугаб қолган.
“2 соат олдин ҳамма доллар тугади. Назарбоев кетиши эълон қилингандан кейин ажиотаж бошланди, барча долларни харид қилиб бўлишди”, деб маълум қилинган Остонадаги шохобчалардан бирида.
Маҳаллий вақт билан соат 21:30да доллар 378,5 тангадан сотилган бўлса, 22:00 келиб унинг курси 385 тангагача кўтарилиб кетган.
Шу муносабат билан Қозоғистон миллий банкининг молиявий хизматлар истеъмолчиларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва ташқи алоқалар бошқармаси бошлиғи Александр Терентьев Facebook’даги саҳифасида аҳолини тинчланишга чақирган.
“Қозоғистон миллий банки шуни маълум қиладики, валюта бозоридаги вазият барқарор ва танга курсини асоссиз пасайтиришга асос йўқ. Миллий банк ва иккинчи даражали банклар аҳоли ва ташкилотлар талабини таъминлаш учун етарлича ҳажмда нақд валютага эга. Миллий банк танганинг биржа курсини қўллаб-қувватлаш ва эҳтимолий қисқа муддатли барқарорсизликни силлиқлаш учун барча зарур чораларни таъминлашга тайёр. Танганинг жорий курси барқарор ва миллий банк иштирокисиз шаклланмоқда. Танга курси барқарорлигига ички ва ташқи иқтисодий омиллар ҳам таъсир кўрсатади. Айни вақтда нақд валюта бозорида хавотир ва ажиотаж учун ҳеч қандай сабаб йўқ. Миллий банк валюта айирбошлаш шохобчаларидаги вазиятни назорат қилмоқда. Валюта айирбошлашда курснинг атайлаб оширилиши билан боғлиқ ҳолатлар аниқланганда тезкор чоралар кўрилиши учун миллий банк филиалларига мурожаат қилишни тавсия қиламиз”, деб айтилган хабарда.
Мавзуга оид
15:30
Қозоғистонга йўлбарслар қайтарилмоқда. Улар бундан 70 йил аввал йўқолиб кетганди
09:40 / 12.11.2024
«Фориш» полигонида Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳарбий машғулотлари бошланди
20:54 / 11.11.2024
Қозоғистон баҳорда Марказий Осиё давлатларидан 11 миллиард куб метр сув олади
20:06 / 11.11.2024