Бугун, 24 март куни Тошкентда ўзбек енгил атлетикаси тарихида илк бор ярим марафон ўтказилди. Халқаро мақомга эга бўлган ушбу йирик спорт тадбирида дунёнинг 28 мамлакатидан 1700 нафарга яқин спортчи иштирок этди.
Тонгги соат 7:00дан бошлаб иштирокчилар пойтахтдаги Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуаси олдида тўпланишди. Соат 8:15да эса қатнашчилар старт зонасига йиғилди. Тошкент I халқаро ярим марафонининг тантанали очилиш маросими соат 8:40да бўлиб ўтди.
Шундан сўнг соат 9:00да 21 километр масофага югуришга старт берилди. 5 километр масофага югуриш қатнашчилари эса соат 9:10да ўз иштирокини бошлашди. Ҳар икки масофада ҳам иштирокчилар Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуаси олдидан старт олди.

Бошқа иштирокчилар билан бирга Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Азиз Абдуҳакимов, Жисмоний тарбия ва спорт вазири Дилмурод Набиев, вазирнинг биринчи ўринбосари Ойбек Қосимов ва бошқа вазирликларнинг раҳбарлари ҳам югуришди.

Марафонда ҳаваскорлар қаторида бошқа спорт турларидаги номдор атлетлар ҳам ўз омадини синаб кўришди. Жумладан, улар орасида таэквондо бўйича жаҳон чемпиони Дмитрий Шокин, бокс бўйича Осиё ўйинлари чемпиони ва айни пайтда профессионал боксда ёрқин жанглар олиб бораётган Исроил Мадримов каби юлдуз спортчиларни ҳам кўриш мумкин эди.

Иштирокчилар Афросиёб, Нукус, Абдулла Қодирий, Мустақиллик шоҳ кўчалари бўйлаб метронинг Буюк ипак йўли бекатига, кейин Мирзо Улуғбек, Тараққиёт кўчалари орқали Амир Темур майдони, Ўзбекистон кўчаси, Мустақиллик майдони, Абдулла Қодирий ва Абай кўчалари бўйлаб югуриб ўтишди.

Дастлаб, 5 км масофага югуриш мусобақаси ўтказилиб, ундан 15 ёшдан катта бўлган минг нафардан зиёд иштирокчи ўз омадини синаб кўрди.















