Ўзбекистон | 14:09 / 25.03.2019
8077
4 дақиқада ўқилади

«Ҳуқуқий тарғибот ишлари аълочиси» кўкрак нишони тўғрисида низом тасдиқланди

Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан “Ҳуқуқий тарғибот ишлари аълочиси” кўкрак нишони тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Низомга кўра, кўкрак нишони билан жамиятда аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга муносиб ҳисса қўшган давлат органлари ва ташкилотлар ходимлари аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини оширишда кўрсатган хизматлари учун тақдирланадилар.

Кўкрак нишони билан Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлмаган шахслар ҳам тақдирланиши мумкин. 

Давлат органлари ва ташкилотлар ҳар йили 1 октябрга қадар ўз ходимларини кўкрак нишони билан тақдирлаш бўйича таклифларни тегишлича Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармаларига тақдим этади.

Республика даражасидаги давлат органлари ва ташкилотлар ҳар йили 1 октябрга қадар ўз ходимларини кўкрак нишони билан тақдирлаш бўйича таклифларни Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига тақдим этади.

Номзод бўйича тақдим этилган таклифларга илова сифатида номзоднинг объективка-маълумотномаси, сўнгги уч йил давомида у томонидан жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш борасида амалга оширилган ишлар тақдим этилади.

Ҳудудий адлия органлари томонидан номзодлар бўйича тақдим этилган ҳужжатлар белгиланган тартибда ўрганиб чиқилади ва номзодлар юзасидан хулосалар ҳар йили 20 октябрга қадар вазирликка тақдим этилади. Ҳудудий адлия органлари раҳбарлари белгиланган ҳолатларни истисно қилган ҳолда ўз ташаббусига кўра ҳам номзодлар тўғрисида ҳар йили 20 октябрга қадар вазирликка таклиф киритиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси адлия вазири томонидан кўкрак нишони билан тақдирлашга оид таклифларни кўриб чиқиш бўйича комиссия ташкил этилади. Комиссия йиғилишида номзодлар бўйича ҳужжатлар ўрганилиб, ҳар йили 20 ноябрга қадар энг муносиб номзодлар бўйича якуний хулоса чиқарилади.

Комиссия томонидан номзодларни кўкрак нишони билан тақдирлашда қуйидагилар инобатга олинади:

номзоднинг аҳоли ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга бағишланган оммавий ахборот воситаларидаги чиқишлари сони;

ҳуқуқий маданиятни тарғиб қилишга қаратилган ижтимоий аҳамиятга эга бўлган видеороликларнинг тайёрланганлиги;

жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни тарғиб қилиш бўйича турли инновацион самарали услубларнинг ишлаб чиқилганлиги.

Ўзбекистон Республикасининг адлия вазири ўз ташаббуси билан ҳам давлат органлари ва ташкилотлар ходимларини кўкрак нишони билан тақдирлаши мумкин.

Комиссия хулосаси асосида адлия вазирининг кўкрак нишони билан тақдирлаш тўғрисидаги буйруғи ҳар йили 1 декабрга қадар чиқарилади.

Кўкрак нишони ва унинг гувоҳномаси ҳар йили 8 декабрь - Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси куни байрами арафасида адлия вазири (ёки унинг топшириғига биноан бошқа масъул шахслар) томонидан тантанали вазиятда топширилади.

Кўкрак нишони билан тақдирланган шахслар энг кам ойлик иш ҳақининг тўрт баравари миқдорида бирйўла тўланадиган пул мукофоти олади. Бирйўла тўланадиган пул мукофоти вазирликнинг бюджетдан ташқари маблағлари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан топширилади.

Бир шахс кўкрак нишони билан бир марта тақдирланади. Кўкрак нишони давлат мукофотларидан кейин кўкракнинг чап томонига тақилади.

Мавзуга оид