Наврўз айёми арафасида- 19 март куни Ўзбекистонда илк бор Халқаро картошка куни ўтказилди. Шу куни картошкани қайта ишлаш бўйича Марказий Осиёдаги биринчи йирик корхонанинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Тадбир Ўзбекистон картошка етиштирувчилар уюшмаси, “Grimme” немис компанияси ҳамда картошка ишлаб чиқарувчи йирик компаниялардан бири - “Agrover” масъулияти чекланган жамияти ҳамкорлигида ташкил этилди.

Кенг миқёсда ўтган катта фестивал аграр соҳасининг вакиллари, деҳқон ва фермерларимиз учун ажойиб байрамга айланди. Куннинг биринчи ярмида ташкил этилган анжуманда мамлакатимиз ва хорижий давлатлар қишлоқ хўжалиги соҳасининг вакиллари томонидан қизиқарли тақдимот-маърузалар намойиш этилди. Мазкур анжуман чет эллик мутахассислар ва юртдошларимиз ўртасида ўзаро тажриба алмашиш, картошка етиштиришда хорижий ҳамкорлар билан икки томонлама манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш ва эришилган ютуқларни намойиш этиш мақсадида ташкил қилинди.

Картошка биз кундалик ҳаётда севиб истеъмол қилинадиган маҳсулотдир. Уни деярли барча миллий таомлар таркибида учратиш мумкин. Бежизга картошкани – иккинчи нон, деб аташмайди. Бироқ картошкадан сермаҳсул ҳосил олиш осон жараён эмас. Шу сабабли мамлакатимизда сифатли ва ҳосилдор картошка уруғчилигини етиштириш мақсадида катта чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Картошка кунида меҳмонлар учун ирригация соҳаси ускуналари, картошка қадоқлаш ва  суғориш машиналарининг кўргазмаси, фермер ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилари учун кооперацион биржа ташкил этилди. Шунингдек, картошка кунини янада мазали ўтказиш учун “Potato Bar” бурчагида ажойиб таъмдаги лавлаги-картошка коктейл, дудланган товуқдан картошка музқаймоғи ва картошка фрилар улашилди.