Спорт | 11:48 / 26.03.2019
14408
3 дақиқада ўқилади

Шукуровнинг оёғи гипс қилинди, унинг болдир суяги синган

Фото: Weibo

Ўзбекистон миллий жамоаси яримҳимоячиси Отабек Шукуров 25 март куни Хитойга қарши ўйинда (1:0) жароҳат олиб, майдонни эрта тарк этди. Жамоа шифокори Аброр Пирриевнинг сўзларига кўра, Отабекнинг болдир суяги синган, унинг тикланиши учун тахминан 2 ой вақт керак бўлади.

«Биз майдоннинг ўзида Отабекка биринчи ёрдамни кўрсатдик. Кейин уни маҳаллий шифохонага олиб бордик. Текширувлар натижасида Отабекнинг болдир суяги пастидан сингани аниқ бўлди. Аммо суяк жойдан силжимаган. Бу жуда муҳим. Қолаверса, синиш кўндаланг эмас. Бундай ҳолларда футболчининг жароҳатдан тикланиши осонроқ бўлади. Текширувлар натижасидан кейин шундай хулосага келдик: бундай ҳолатда футболчи ё операция қилиниши керак ёки оёқнинг синган жойи фиксация, яъни гипс қилиниб, даволаниши зарур. Операция қилинган тақдирда, жароҳатнинг битиши тезроқ бўлади.

Аммо Отабек Шукуров «Шаржа» клуби аъзоси бўлганлиги сабабли бу ҳолда клуб шифокорлари билан маслаҳатлашиш талаб этиларди. Биз БАА клуби билан алоқага чиқдик. Улар Отабекнинг оёғини гипс қилган ҳолда, Дубайга олиб боришни маслаҳат беришди. Клуб шифокорлари Дубайда футболчини яна бир бор текширувдан ўтказишади. Кейин даволаниш бўйича энг маъқул вариантни ўзлари футболчи билан келишган ҳолда амалга оширишади. Шу сабабли Шукуровнинг оёғи гипс қилинди.

Фото: Weibo

Бундай жароҳатлар одатда икки ой ичида тикланади. Отабек Шукуровга тезроқ соғайиб кетишини тилаб қоламиз», - деган Аброр Пирриевнинг сўзларини келтирди ЎФА матбуот хизмати.

Эслатиб ўтамиз, 22 ёшли хавбек бир неча кун олдин «China Cup» мусобақаси ярим финалидаги Уругвайга қарши баҳсда (0:3) тўлиқ вақт давомида ўйнаган эди. У учинчи ўрин учун Хитой билан учрашувда ҳам асосий таркибда тушган, 37-дақиқада мезбонлар ҳужумчиси Веи Шихаонинг қўполлиги натижасида шикастланганди. 40-дақиқадан унинг ўрнида Одил Аҳмедов ўйинни давом эттирди.

Маълумот учун, Шукуров «Ал-Шаржа» таркибида бу мавсум БАА чемпионатининг 17 ўйинида қатнашиб, уларнинг барчасида асосий таркибда майдонга тушган ва иккита гол муаллифи бўлган.

Мавзуга оид