Kun.uz «Ўзимизнинг маҳалла» фотолойиҳасини нафақат Ўзбекистоннинг, балки дунёнинг энг қадимий шаҳарларидан бири Самарқанд шаҳридан давом эттиради.
Буюк Ипак йўли чорраҳасида жойлашган шаҳар ўз вақтида Сўғдиёна давлатида, хионийлар ва кидарийлар, эфталлар, қорахонийлар, хоразмшоҳлар, мўғуллар сулоласи ҳукм сурган даврларда марказий шаҳарлардан бўлган.
1970 йилда ЮНEСКО ташаббуси билан Самарқанд шаҳрининг 2500 йиллиги нишонланган.
Турли сулола, ҳукмдорлар, жанг ва вайронагарчиликларни бошдан кечирган шаҳар Амир Темур империясининг пойтахти сифатида ҳар томонлама қайта шакллантирилган.
Шаҳар қиёфаси турли давлатлар, сулолалар ҳукмронлик қилган давр талаби, меъморчилик анъаналари таъсирида маданиятларнинг ранг-баранг ландшафти сифатида шаклланган.
Бугун Самарқандга ҳам кўпқаватли тураржойлар, турли-туман реклама баннерлари, умумреспублика миқёсида қатъий қолип тартибида экилаётган арчалару, сариқ, пушти рангларга бўялаётган деворлар, бинолар кириб келмоқда.
Шаҳарнинг ўзига хос, уникал қиёфаси эса парвариш ва эътиборга муҳтож.
Бу гал Kun.uz мухбири Самарқанд шаҳрининг Эски Шаҳар дея аталадиган қисми - Тошкент, Имом ал-Бухорий, Бибихоним, Чорраҳа, Даҳбед, Қўшҳовуз, 8 март, Ҳужум кўчалари ўтган ҳудудда бўлди.






























































