Абу-Даби валиаҳд шаҳзодаси — Шавкат Мирзиёевга: “Иккинчи юртингизга хуш келибсиз, жаноб президент!”
Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев Абу Даби амирлиги валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Зоид Ол Наҳаённинг таклифига биноан Бирлашган Араб Амирликларида расмий ташриф билан бўлиб қайтди.
ЎзМТРКнинг “Ўзбекистон 24” телеканалида президентнинг ушбу ташрифига бағишланган махсус кўрсатув тайёрланиб, эфирга узатилди.
Абу Дабидаги президент қароргоҳида бўлиб ўтган музокаралар чоғида икки давлат расмий делегацияларининг кенгайтирилган таркибдаги учрашуви билан бошланган. Унда кейинги йилларда Ўзбекистон билан БАА ўртасидаги алоқалар тобора фаоллашиб бораётгани юксак баҳоланган.
— Шубҳасиз, мазкур ташрифингиз биз учун жуда ҳам шарафдир. Нафақат мен учун, бутун амирлик аҳли учун шараф. Биз бир минтақадамиз, ўртамизда барча жабҳада мустаҳкам кўприк бўлиши керак. Биз Ўзбекистон билан яхши алоқалар ўрнатмоқчимиз. Чунки сизлар урф одатларимизда, муқаддас динимизда бошқаларга нисбатан кўпроқ яқиндирсизлар.
Жаноб президент, сиз иккинчи юртингизга — биродарларингиз шайх Зоид ва шайх Халифа юртига хуш келибсиз!
Жаноб президент! Биз ўйлаймизки, сизнинг барокатингиз туфайли бу алоқалар янада ривожланиши мумкин, — деди Абу Даби валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Зоид Ол Наҳаён.
Президент Шавкат Мирзиёев Муҳаммад бин Зоид Ол Наҳаёнга самимий қабул учун юксак миннатдорчилик билдирди:
—Ҳазрати олийлари, ташрифимизга бўлган эътиборингиз, илиқ меҳмондорчилик учун ташаккур айтаман. Ҳақиқатдан ҳам қадрдон юрт, қадрдон дўст-у биродарларимиз ҳузурида эканлигимизни ҳис қилмоқдамиз. Фурсатдан фойдаланиб, сиз орқали президент жаноблари ва бутун амирлик халқига ўз миннатдорчилигимни изҳор этаман. Сизнинг ҳозир айтган гапларингиз замирида жуда катта маъно бор. Чиндан ҳам биз яқин халқлармиз. Бугун президент жанобларини зиёрат қилдим. Қанчалик хокисорлик ва бағрикенглик билан инсонларни бирлаштириб, бу давлат барпо этилганини ҳис қилдим. Ҳозир ҳам мана шу бағрикенглик билиниб турибди ва бутун дунё аҳлини лол қилишда давом этмоқда, — деди Шавкат Мирзиёев.
Мавзуга оид
14:15 / 12.11.2024
БАА ўзбекистонлик ҳайдовчиларни иш билан таъминлашни режалаштирмоқда
15:31 / 26.10.2024
Дубайда дунёдаги энг ингичка осмонўпар бино қурилмоқда
12:00 / 23.10.2024
АҚШ ва БАА Ғазо ва Ливандаги кескинликни камайтириш саъй-ҳаракатларини муҳокама қилди
17:35 / 16.10.2024