Жамият | 00:54 / 29.03.2019
8817
2 дақиқада ўқилади

«Китоб челленж»: ташаббусни Навоий вилояти раҳбарлари ва самарқандлик депутатлар давом эттиришди

19 март куни ўтказилган йиғилишда президент Ш.Мирзиёев томонидан илгари сурилган, китобхонликни ривожлантириш орқали фарзандлар тарбиясига ижобий таъсир кўрсатиш ва ҳар бир раҳбарнинг ўзи ўқиган мактаби кутубхонасига китоблар совға қилиши борасидаги эзгу ташаббуси тобора кенг қулоч отмоқда. Турли давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари, ходимлари ўзлари ёшликда таълим олган ўрта таълим муассасаларига китоб тақдим этишмоқда.

Навоий вилояти ҳокими Қобул Турсунов ўзи ўқиган Кармана туманидаги 21-умумий ўрта таълим мактабига бориб, мактаб кутубхонасига 200 донадан ортиқ китоблар жамланмасини совға қилган.

Вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи полковник Рустам Турсунов ўзи таҳсил олган Кармана тумани «Ҳазора» МФЙда жойлашган 9-мактаб кутубхонасига 150 га яқин китоб совға қилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси қонунчилиу палатаси депутатлари ҳам мазкур хайрли ташаббусдан четда қолишмади. Самарқанд вилоятидан сайланган депутатлар ҳам ўзлари таълим олган масканга китоблар совға қилишмоқда, деб хабар қилмоқда Kun.uz мухбири.

Жумладан, қонунчилик палатаси депутати Сиддиқ Намозов Қўшработ туманидаги ўзи ўқиган 16-ўрта мактаб кутубхонаси фондига ўз ҳисобидан бадиий адабиётлар топширди. Депутат Алишер Маҳмадмуродов эса Ургут туманидаги 1-мактаб болаларини ўз совғаси билан хушнуд этди.

Самарқанддан сайланган Олий Мажлис қонунчилик палатаси депутатларидан яна бири Меҳриддин Муҳаммадиев эса Иштихон туманидаги 13-мактаб кутубхона фондини камтарона улуши билан бойитди.

Мавзуга оид