Жаҳон | 16:18 / 31.03.2019
36982
2 дақиқада ўқилади

Фото: Украина президентлигига номзод овоз бериш қоидасини бузди

Украина сайлов қўмитаси маълум қилдики, Радикал партиядан президентликка номзод бўлган Олег Ляшко сайловлардаги яширин овоз бериш қоидаларини бузди.

«Сайлов участкаларидан бирида овоз бериш жараёнида Украина президентлиги учун номзодлардан бири Олег Ляшко телекамералар ва сайловчилар қаршисида ўзининг танловини намойиш этди», дейилади хабарда.

Қўмита хабарида президент сайловларида овоз бериш жараёни махфийлиги, танлов белгиланган бюллетенни видеога ва суратга тушириш мумкин эмаслиги қайд этилган.

Сайлов участкасида Ляшко «ўзининг қалами фақат Ляшко учун овоз бериши» ҳақида гапирган.

Ляшко 2014 йилги сайловлар вақтида ҳам худди шу кўринишда қоида бузганди.

Украина қонунчилигига кўра, бу каби қонунбузарлик учун (ЖК 159-моддаси) катта миқдордаги жарима ёки 2 йиллик ахлоқ тузатиш ишлари ёки 3 йилгача озодликни чеклаш жазоси кўзда тутилган.

Шу вақтгача президентликка номзодлардан яна уч нафари - Юрий Бойко, Юлия Тимошенко ва Владимир Зеленский ҳам Киевдаги сайлов участкаларига бориб, овоз беришди.

Украина президентлиги сайловларида асосий уч номзод кураш олиб бормоқда: шоумен Владимир Зеленский, амалдаги президент Петро Порошенко ҳамда «Батькивщина» партияси етакчиси, мухолиф сиёсатчи Юлия Тимошенко. Агар номзодлардан ҳеч бири 50 фоиздан ортиқ овоз тўплай олмаса, 21 апрель куни биринчи турда энг кўп овоз олган икки номзод иштирокида иккинчи тур ўтказилади.

Мавзуга оид