Ўзбекистон | 16:51 / 01.04.2019
10832
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон яна Кобулнинг «Толибон» билан музокараларини Самарқандда ўтказишни таклиф қилди

Фото: Afghan Presidency Press Office / Handout/Anadolu Agency/Getty Images

Афғонистон президенти Ашраф Ғани 31 март куни Кобулда Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов бошчилигидаги делегация билан учрашди, дея хабар бермоқда Tolonews.

Томонлар тинчлик жараёни, минтақавий алоқалар, инфратузилма лойиҳалари ва иқтисодий алоқаларни муҳокама қилдилар, дейилади президентлик саройи баёнотида.

Икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар ҳар қачонгидан яхшироқ, деди Комилов Ғани билан учрашувда. Унинг қўшимча қилишича, Афғонистон ва Ўзбекистон ўртасида қўшма инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш алоқаларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Ўзбекистон делегацияси афғон ҳукуматининг саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаши тўғрисида маълум қилган.

«Агар толиблар Афғонистон ҳукумати билан тўғридан-тўғри гаплашиб олишга тайёр бўлса, Ўзбекистон музокараларни қабул қилиши мумкин», - деди Комилов.

Шу билан бирга, президент Ғани Ўзбекистоннинг Афғонистондаги роли, айниқса, 2017 йил декабрь ойида Самарқандга ташрифи чоғида икки мамлакат ўртасида мувофиқлаштириб олинган иқтисодий ва инфратузилма лойиҳаларини амалга оширишдаги ўрнини юқори баҳолади.

Ғанининг Ўзбекистонга ташрифи давомида имзоланган келишувлар орасида икки томонлама ҳамкорлик тўғрисидаги битим ва иқтисодиёт, транзит, хавфсизлик, электр энергияси, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш ҳамда олий таълим каби турли соҳалардаги 20та келишув бор.

Ғанининг айтишича, минтақада ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш ва барқарорликни таъминлашга алоҳида эътибор қаратилган.

У Ўзбекистоннинг тинчлик музокараларини қабул қилишга тайёр эканини алоҳида таъкидлаб, Самарқанд икки мамлакатнинг умумий маданий мероси саналашини билдириб ўтди.

Президент саройи хабарига кўра, Афғонистон ва Ўзбекистон расмий шахслари фойдали қазилмаларни қазиб олиш, тўқимачилик, божхона ва хавфсизлик масалалари бўйича ахборот алмашинуви соҳасида ҳамкорлик тўғрисида битим имзолайдилар.

Мавзуга оид