Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида “Бошқа шахсга ўтказиш тақиқланган ёки хатлаб қўйилган мол-мулкларнинг электрон маълумотлар банкини шакллантириш, юритиш ва ундан фойдаланиш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида”ги ҳужжат лойиҳаси жойлаштирилди.

Қоидаларга кўра, қуйидаги орган ва мансабдор шахслар мол-мулкни бошқа шахсга ўтказишни тақиқлаш (хатлаши) ва тақиқни бекор қилиш (хатланганлигини олиб ташлаш) ваколатига эга:

суд (судья);

прокурор;

терговчи;

суриштирувчи;

давлат ижрочиси;

нотариус.

Суд (судья), прокурор, терговчи, суриштирувчи, давлат ижрочиси томонидан мол-мулкни хатлаш, хатланганлигини олиб ташлаш тўғрисида чиқарилган ажримда (қарорда) қуйидагилар кўрсатилиши лозим:

мол-мулк мулкдори жисмоний шахснинг – фамилияси, исми, отасининг исми, туғилган санаси, яшаш жойи ва паспорт маълумотлари, агар мол-мулк мулкдори юридик шахс бўлса – номи, давлат рўйхатидан ўтган жойи ва солиқ тўловчининг идентификация рақами;

мол-мулкни мулкдорга тегишлилигини тасдиқловчи ҳужжатларнинг номи, ким томонидан берилганлиги, рўйхатга олиш ёхуд бошқа рақамлари ҳамда мазкур ҳужжатга доир кўрсатилиши лозим бўлган бошқа реквизитлар (кўчмас мулкнинг – кадастр рақами, жойлашган жой, кўчар мулкнинг – транспорт воситасини русуми, давлат рақами ва транспорт воситаларини рўйхатга олиш гувоҳномаси маълумотлари), мулкдорга тегишли барча мол-мулклар хатланган ҳоллар бундан мустасно;

мол-мулк хатланган сана;

агар хатлов муайян давр учун қўйилган бўлса, мазкур даврнинг бошланиш ва тугаш вақти.

Электрон тақиқ маълумотлар банки давлат тилида шакллантирилади ва юритилади.

Суд (судья), прокурор, терговчи, суриштирувчи қонун ҳужжатларига мувофиқ мол-мулкни хатлаш ва хатланганлигини олиб ташлаш тўғрисида қарор қабул қилганда, уни икки иш куни ичида кузатув хати билан бевосита, почта алоқаси воситалари орқали ёки электрон шаклда мол-мулк жойлашган (рўйхатдан ўтган) жойидан қатъи назар, исталган давлат нотариал идорасига юборади.