31 март куни Суперлигада 2-тур ўйинлари якунланди. Кичик танаффусдан сўнг давом эттирилган чемпионатнинг иккинчи тури қизиқарли кечди. Тошкент ва водийда дербилар қизиқарли кечди. «Насаф», «Металлург», «Локомотив» ва «Сурхон» мавсумдаги илк ғалабаларии қўлга киритишди. Сервер Жепаров яна Ўзбекистон чемпионатида гол урганини ҳам таъкидлаш керак. Қуйида 2-турнинг қизиқарли воқеаларини эслаймиз.
«Кавказча похтахт дербиси»ни ютган «Пахтакор» Тошкентни «ўзиники қилишда» давом этади
Турнинг марказий баҳси Тошкентда ўтказилди. «Пахтакор» стадионида «Бунёдкор» расмий мезбон сифатида стадион эгаси «Пахтакор» билан ўйнади. Бу ўйинга бежизга «кавказча дерби» деб ном бермадик. Чунки жамоалардан бирини грузин, бирини арман миллатига мансуб мураббийлар бошқаришини биласиз. Икки кучли мураббийнинг жамоалари чиройли ўйин билан мухлисларни хурсанд қилишди.

Бу баҳсда «Пахтакор»нинг яққол устунлик қилиши кутилганди, бироқ ёш футболчилардан иборат «Бунёдкор» кучли рақибига яхши қаршилик кўрсатди. «Қалдирғочлар» Абрамов ёқтирадиган тўпни назорат қилишга асосланган услубда ўйнашга интилиб, чиройли ўйин кўрсатишди. Шота Арвеладзе ўйиндан кейин аввало рақибнинг чиройли ўйинини мақтагани ҳам бежизга эмас.
«Пахтакор» ҳамшаҳари жиддий қаршилик қилган бўлса-да, салобат билан ғалаба қозонди. Достон Ҳамдамовнинг голидан сўнг ҳисоб катталашиб кетгани кутилганди, аммо «Бунёдкор» бурчак тўпидан сўнг ҳисобни тенглаштирди. Шерзод Аъзамов ва Марко Симичнинг йўқлиги сабаб Арвеладзе марказда Владимир Козакни ўйнатди. Марказда соф марказий ўйинчининг йўқлиги сабаб «Пахтакор» бурчак зарбасидан сўнг гол ўтказиб юборди. Умидли футболчилардан бири Миржаҳон Мираҳмадов мамлакатнинг айни дамдаги энг кучли жамоасига гол урганини таъкидласа бўлади.
«Пахтакор» ҳисоб дуранг бўлгач, яна босимни оширди ва ғалаба голини урди. Ҳал қилувчи голда Жалолиддин Машарипов ва Драган Черан катта саҳнага чиқишди. Жалол яна супер тўп узатишни амалга оширди, Черан эса бош билан тўпни дарвозага жойлаб қўйди. Шу тариқа биринчи турда «Локомотив»ни мағлуб этган «Пахтакор» иккинчи турда яна бир дербида «Бунёдкор»ни таслим қилиб, Тошкентни «ўзиники қилишда» давом этди.
Гужа тўпурарликни бошлаб юборди
2-турнинг очилиш ўйини Навоийда ўтказилди. Маҳаллий «Қизилқум» ўз майдонида ОКМКни қабул қилди. Бу баҳсда Ўзбекистон Кубогининг амалдаги соҳиби ОКМКнинг имкониятлари юқорироқ деб қаралаётганди, чунки олмалиқликлар Миржалол Қосимов мураббийлигида Осиё Чемпионлар Лигаси саралашида ҳам тажриба орттиришганди. Бироқ ОЧЛ саралашидаги ва Ўзбекистон Суперкубоги учун ўйиндаги мағлубиятлар Қосимов жамоасининг кайфиятига ҳамон салбий таъсир қилишда давом этаётган кўринади.






















