Жамият | 16:21 / 05.04.2019
8521
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда таълим олган Тожикистон Маданият вазири Термизга етиб келди

Ифтихор билан таъкидлаш лозимки, азалдан қардош миллатлар — Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги муносабатларнинг янада яхшиланиб бораётганини кузатиш фахр бахш этади, шунингдек, бугунги кунда Ўзбекистон халқаро майдонда ҳам ўзининг мустаҳкам ўрнига эга бўлиб бормоқда, деб ҳисоблайди Тожикистон Маданият вазири Шамсиддин Орумбекзода. 

«Ҳам Тожикистон, ҳам Ўзбекистон давлат раҳбарларининг сиёсатида аждодлар меросини ўрганиш, сақлаш ва ҳаётга татбиқ этиш бўйича амалий ишлар олиб борилаётганини кўряпмиз», — дейди Термизда ўтказилаётган Халқаро бахшичилик санъати фестивалига ташриф буюрган тожикистонлик меҳмон. 

Орумбекзоданинг таъкидлашича, бахшичилик санъати Тожикистонга ҳам бегона эмас, улар тожик халқи орасида гўрўғлихон ёки достонсаролар деб аталади. 

«Тожикистондан 6 нафар, жумладан олим ва бахшилар иштирок этмоқда. Уларнинг орасида 93 ёш, 78 ва 30 ёшни қаршилаган бахшилар фестивалга етиб келган. Бугун ёшларимиз ҳам шу санъатни давом эттираётгани бизни қувонтиради.  
Совет даврида Термиз шаҳрида бўлганман, Тошкентда икки йил таҳсил олдим. Ўзбекистон тарихига қизиқишим баланд, аммо давлатчилик тарихимиз холис ўрганилмаган. Бугун тарихимизга муносабат бошқача, у ижобий томонга ўзгарди. Дунё  тамаддунига ҳисса қўшган буюк инсонлар вояга етган заминда ижтимоий-иқтисодий, сиёсий фаолликни кузатяпмиз», — дейди у.

Қўшни давлат Маданият вазири фестивалнинг илк кунидаёқ Термиз шаҳрини айланиб, марказий кутубхоналардан бирининг фаолияти билан танишди. 

Шу билан бирга 76та давлатдан 100дан ошиқ иштирокчи ҳам Термизга келиши бошланди.

Алишер Рузиохунов
Тайёрлаган Алишер Рузиохунов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид