4-7 апрель кунлари Ўзбекистон Суперлигасида 3-тур ўйинлари ўтказилди. Бу тур давомида футбол мухлислари кўплаб қизиқарли ўйинларга гувоҳ бўлишди. «Пахтакор» яна ғалаба қозонди ва турнир жадвалидаги пешқадамликни давом эттирди. «Бунёдкор» эса учинчи уринишда ғалаба қозониб, очколар ҳисобини очди. Қуйида турнинг энг қизиқарли воқеаларини эслаймиз.

«Пахтакор» ва ҳакамлар мавзуси

3-турнинг марказий баҳси Тошкентда ўтказилди. «Пахтакор» ўз майдонида «Насаф»ни қабул қилди. Бу жамоалар иштирокидаги ўйинлар доим қизиқарли кечган. «Насаф» ўтган мавсумларда кўплаб етакчиларини бошқа клубларга кузатганига қарамай, Рўзиқул Бердиев яна рақобатбардош жамоа туза олди. «Сўғдиёна»га қарши тотал устунликдаги ғалабадан сўнг «Насаф» Тошкентдаги катта ўйинда ҳам «Пахтакор»га жиддий қаршилик кўрсатиши кутилганди.

Амалда шундай бўлди ҳам. «Пахтакор» жуда кучли таркибга эга бўлса ҳам, асосан 23 ёшгача бўлган футболчилардан иборат «Насаф» Шота Арвеладзе жамоасига жиддий қаршилик кўрсатди. «Пахтакор» ва ҳакамлар мавзуси анчадан буён эсланмаётганди. Қолаверса, жорий мавсумда «шерлар» ҳар доимгидан кучли кўрина бошлади. Бироқ 3-турга келиб яна «Пахтакор» ва ҳакамлар мавзуси «очиқ деб эълон қилинди».

Ўйинни бошқариб борган Азиз Асимов аввалига йўқ жойдан «Пахтакор» дарвозасига пенальти белгилади. 10-дақиқа ўтиб бораётганда Жалолиддин Машарипов чап қанотдан олдинга борди ва тўпни жарима майдончасига узатди. Тўп ҳимоячи Ғолиб Ғайбуллаевга тегиб, майдонни тарк этди. «Насаф» футболчилари хотиржам бурчак тўпи тепилишига тайёрланаётган бир вақтда Асимов тўп ҳимоячининг қўлига тўп текканини қайд этиб, «Насаф» дарвозасига пенальти белгилади.

Ваҳоланки, тўп Ғайбуллаевнинг қўлига эмас, қорнига текканди. Championat.asia сайти ўша ҳолатда тўп футболчининг қорнига текканини исботлайдиган видеони ҳам эълон қилди.

Бу вазиятда тўп қўлга тегмаганини билиш учун одам минг йилдан буён ҳакамлик қилаётган ва мультфильмлардаги суперқаҳрамонлар каби кўзга эга бўлиши шарт эмас. Шунчаки оддий физика қонунларидан хабардор бўлса кифоя.

«Пахтакор»нинг иккинчи голи ҳам можароли бўлди. Бироқ Кримецнинг голида тўп чиндан ҳам «Насаф» ҳимоячисидан Кримецга боргандек кўринди. Шу сабаб иккинчи гол «тоза» урилди, деган хулоса ўринлироқ.