«Буюк Келажак» гуруӽи эксперти, Жанубий Кореянинг Пусан чет тиллар университети профессори, амалий тилшунослик фани доктори Азамат Акбаров ўз интервьюсида Ўзбекистонда илм-фанга муносабат, таълим тизими муаммолари ва тилшуносликка эътибор аҳамияти ҳақида сўзлади.

Тилшунос сифатида тилнинг миллат, давлат ва жамиятга таъсирини қандай тавсифлаган бўлардингиз?

— Тил бу маданий ҳодисадир; шунинг учун ҳар мамлакатнинг мероси унинг тилига боғлиқ. Маълумки, бугунги инглиз тили халқаро мулоқот тили ҳисобланади, у ҳаётимизнинг ҳар бир жабҳасига кириб борган ва сиёсий ҳамда иқтисодий масалаларни ҳал этишни осонлаштиради, десак адашмаган бўламиз. Бироқ тилшунос сифатида ўйлашимча, ҳар бир мамлакат ўз тилини сақлаб қолишга ҳаракат қилиши керак, чунки айнан тил уни ўзига хос қилади ва бошқа мамлакатлардан ажратиб туради. Биз кўп тилли дунёни сақлаб қолишни истар эдик, чунки ҳар бир тилни ўрганишимиз билан биз янги билимларга эга бўламиз, Гёте шундай деган: «Инсон нечта тил билса, у шунча марта одамдир». Бошқа тарафдан эса бугунги кунда дунё аҳолисининг катта қисми сўзлашадиган инглиз тилини билишга етарлича баҳо бермаслик ҳам тўғри эмас, чунки у иқтисодиётнинг ривожланишига ёрдам беради. Бу эса ўз навбатида миллат, мамлакат ва умуман жамият ривожланишига ёрдам кўрсатади. Инсон, энг аввало, мулоқот қилувчи зотдир, шу боис, фикримча миллатларнинг тилини унутмаслик зарур, бироқ ривожланишимиз ва комил бўлишимиз учун бир-биримизни тушуниш қобилиятига эга бўлишимиз шарт. Бутун тарих давомида мамлакатлар кўпгина масалаларни ечиш учун бир-бирига эҳтиёж сезган ва умумий тил уларнинг ўзаро мулоқотини амалга ошириш имконини берган.

Тилнинг миллат, давлат, жамият тараққиётидаги ўрни жуда муҳим, ўта зарурий ва долзарб деб изоҳлаган бўлар эдим. Зеро, бу тушунчалар ўзаро диалектик боғлиқ ва ўзаро алоқадор тушунчалардир. Миллат, давлат, жамият тараққий қилар экан, унинг тили ва тилшунослиги тараққий қилиб боради. Давлат, жамиятдаги ўзгаришлар биринчи навбатда тилда, хусусан, унинг лексикасида – луғат бойлигида ўз аксини топади. Модомики, тил ижтимоий характерга эга экан, ижтимоий ҳаётдаги тараққиёт тилдаги тараққиётни белгилаб беради. Ва ўз навбатида тил ва тилшуносликнинг тараққиёти жамият, давлат тараққиётига ўз таъсирини кўрсатади... Бунинг исботини бугунги кундаги дунё манзарасидан топиш мумкин – қайси мамлакатда – жамиятда тинчлик, фаровонлик ҳукм сураётган бўлса, шу ерда тил ва тилшунослик тараққий қиляпти ва бунинг акси бўлган мамлакатларда тил ва тилшунослик ривожи ҳақида фикр юритиш амримаҳол.

Қолаверса, тил, аввало, миллатни миллат қилувчи восита, у миллатнинг кўзгусидир. Зеро, тилимизда бизнинг қиёфамиз, маънавиятимиз акс этади, тил миллат вакилининг  маънавиятини намоён қилади. Мустақиллик даврининг энг улуғ имконият ва неъматларидан бири бу ўзбек тилининг ўз ерида обрў, эътибор топиши, Давлат тили мақомини олишидир. Бугунги кунда ўзбек тили миллий мафкурамизнинг таркибий қисмларидан ва мустақиллигимизнинг бош белгиларидан бири бўлиб қолмоқда.