Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 12 апрель куни Уммон Султонлиги, Қирғизистон Республикаси, Туркия Республикаси, Индонезия Республикаси ва Қозоғистон Республикасининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчилари этиб тайинланган Аҳмад бин Саид ал-Касирий, Ибрагим Жунусов, Меҳмет Суреййа Эр, Сунарио Картадината ҳамда Дархан Сатибалдидан ишонч ёрлиқларини қабул қилди. Давлат раҳбари элчиларни самимий табриклаб, уларга масъулиятли дипломатик миссияни бажаришда муваффақиятлар тилади, дея хабар беради Президент матбуот хизмати.
Бугунги кунда Ўзбекистонда Ҳаракатлар стратегияси асосида мамлакат ҳаётининг барча жабҳаларида демократик давлат барпо этиш ва кучли фуқаролик жамиятини шакллантириш, иқтисодиётни модернизация қилиш ва либераллаштиришга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётгани қайд этилди.

Хусусан, 2019 йил мамлакатимизда «Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили» деб номлангани муносабати билан қабул қилинган давлат дастури амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон ташқи сиёсатида ҳам туб ўзгаришлар рўй бермоқда. Бугун халқаро майдонда мамлакатимизга очиқ, ишончли ва истиқболли ҳамкор сифатида қаралмоқда.
Ташқи ишлар вазирлиги фаолияти такомиллаштирилмоқда, ташқи сиёсатнинг иқтисодий йўналиши салмоқли даражада кучайди. Бугунги кунда Ўзбекистон элчилари савдо, инвестиция ва туризм масалалари билан фаол шуғулланмоқда.
Асосий эътибор Марказий Осиё давлатлари билан анъанавий дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини мустаҳкамлашга қаратилмоқда. Очиқ ва конструктив мулоқот йўлга қўйилгани туфайли минтақада ўзаро ишонч ва англашув муҳити шаклланиб, минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалаларни ҳал этишда катта натижаларга эришилди.
Айни пайтда Ўзбекистон бошқа мамлакатлар билан ҳам ўзаро манфаатли ва самарали ҳамкорликни жадал ривожлантирмоқда.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев ишонч ёрлиқларини топшириш маросимидаги нутқида янги элчилар вакиллик қилаётган давлатлар билан кўп қиррали ҳамкорликнинг муҳим йўналишларига тўхталиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси ва Ўмон Султонлигини дўстлик ва муштарак диний қадриятлар боғлаб тургани таъкидланди.
Биз Ўмонни ўз минтақасида ва араб-мусулмон оламида муносиб ўринга эга, чуқур ўйланган ташқи сиёсат олиб бораётган мамлакат сифатида эътироф этамиз, деди давлатимиз раҳбари.























