Ўзбекистон | 12:16 / 16.04.2019
28936
2 дақиқада ўқилади

ДСҚ Шайхонтоҳур тумани давлат солиқ инспекциясидаги «коррупция ўчоғи» ҳақида маълумот берди

Фото: Давлат солиқ қўмитаси матбуот хизмати

Ўзбекистон Давлат солиқ қўмитаси Тошкент шаҳрининг Шайхонтоҳур тумани давлат солиқ инспекциясида «коррупция ўчоғи»ни аниқлади. Бу ҳақда ДСҚ хабарида айтилади.

Қўмита маълумотларига кўра, ДСИ ходимлари устидан «таъмагирлик ва коррупциядан дарак берувчи» шикоятлар мунтазам равишда келиб тушган.

«Аниқланишича, ушбу ДСИ ходимлари кўп йиллар давомида давлат ёки бюджет манфаатлари учун эмас, балки ўзларининг ғаразли мақсадлари учун ишлаб келиб, коррупция ўчоғини ташкиллаштиришган. У ерга эса тадбиркорлар бошқа иложи йўқлиги учун тушиб қолишган. Натижада, бюджетни тўлдириши ва давлатнинг ижтимоий пойдеворини қўллаб-қувватлашга йўналтирилиши мумкин бўлган маблағлар уларнинг шахсий чўнтакларига тушган», - дейилади хабарда.

Давлат солиқ қўмитаси Шайхонтоҳур тумани ДСИ ходимларининг бундан кейинги коррупцион хатти-ҳаракатларини олдини олишга қаратилган аниқ чора-тадбирларни амалга оширди. Давлат солиқ қўмитаси раисининг уч нафар ўринбосари бошчилигида яратилган махсус комиссия ҳозирда «инспекция ходимларининг қонунга зид ҳаракатларини аниқлаш бўйича ишларни давом эттирмоқда».

Мавжуд маълумотларга таянган ҳолда, шунингдек, ўрганиш натижаларига кўра, коррупцион ҳаракатлари фош этилган солиқ инспекцияси ходимлари ишдан бўшатилди. Қолган ходимлар махсус комиссия аттестациясидан ўтказилади.

Таъкидланишича, Шайхонтоҳур тумани ДСИда 15 йил давомида «ҳеч қандай ўзгариш бўлмаган, бу эса инспекция ходимларига умумий тил бириктирган ҳолда коррупцион фаолиятни амалга оширишига имкон берган».
 
Бундан олдин, ДСҚ Шайхонтоҳур тумани давлат солиқ инспекцияси ходимлари ёппасига ишдан бўшатилганини тасдиқламаганди.

Мавзуга оид