Оммавий ахборот воситалари орқали берилаётган тарғибот ва эълонлар, кўчаларда илинган баннерларни кўриб, хабар топгандирсиз? Шу йилнинг май ойида фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайлови ўтказилади. Жойларда яна ўн беш кундан сўнг бошланувчи муҳим тадбирга тайёргарлик қизғин кечаётгани аниқ.
Айни пайтда сайловни ташкил этиш ва ўтказишга масъул бўлган вилоят ва туман, шаҳар даражасидаги комиссиялар бошчилигида жойлардаги ишчи гуруҳлар томонидан номзодлар аниқланиб, уларнинг рўйхатлари шакллантирилмоқда.
Ўз номзоди сайловга қўйилган ва маҳалласига оқсоқол бўлишни ният қилган инсонлар ўртасида эса ўзига хос рақобат бошланган. Улар орасида, Ҳамза ўз замонасида ёзганидек: “Мени сайланг!” дея сифат бериш мумкин бўлган жараён кетмоқда.
Бизга айрим жойларда ишчи гуруҳлар томонидан номзодлар танлаш бўйича хатоларга йўл қўйилаётгани ҳақида мурожаатлар ҳам келяпти. Ана шундай арзлардан бирини ўрганиш учун Наманган вилояти, Норин туманига бордик.



Билдиришларича, Тегирмонбоши фуқаролар йиғини раислигига қўйилаётган номзодлардан бири туман сайловга кўмаклашувчи комиссиясига сайлов қонунчилигига зид равишда тавсия қилиниб, рўйхатдан ўтган. Мурожаатда, ишчи гуруҳининг рўйхатига олинган номзод мазкур ҳудудда яшамаслиги, раис бўлиш учун таниш-билишчиликдан фойдаланаётгани, бундан ташқари ўша фуқаро сайловга номзодини қўйиш мақсадида 20 кун олдин ўз укасининг уйига “прописка”га қўйилгани айтилади.


Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови тўғрисидаги қонуннинг 17-моддасида, “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) лавозимига номзодлар Ўзбекистон Республикаси фуқаролари бўлиши, қоида тариқасида, олий маълумотга эга бўлиши, бевосита сайловга қадар камида беш йил тегишли ҳудудда доимий яшаётган бўлиши” белгилаб қўйилган.
Туман ҳокимининг ўринбосари Сайдали Сиддиқов билан биргаликда туман сайловга кўмаклашувчи комиссияси ишлари билан танишдик. Туман сайлов комиссияси раиси Ҳасанбой Муҳиддинов билан Тегирмонбоши маҳалласида фаолият олиб борган ишчи гуруҳининг номзодликка берган тавсияларни кўриб чиқилди.





















