Ўзбекистон | 11:26 / 17.04.2019
5502
2 дақиқада ўқилади

Марказий Осиёда ягона: Самарқандда Франциянинг илк фахрий консуллиги очилди

Очилиш маросимида Франциянинг Европа ва ташқи ишлар бўйича вазири ҳузуридаги давлат котиби Жан–Батист Лемуан бошчилигидаги делегация аъзолари иштирок этишди.

Дастлаб меҳмонлар вилоят ҳокими Э.Турдимов билан учрашув ўтказиб, Ўзбекистон ва Франция ўртасида савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги алоқалар борасида фикр алмашишди.

Шунингдек, Самарқанд вилоятида француз компаниялари ҳамкорлигида амалга оширилаётган лойиҳалар – Франция тараққиёт агентлигининг “Самарқанд шаҳрида қаттиқ маиший чиқиндиларни бошқаришни модернизация қилиш” лойиҳаси муҳокама этилди. Мазкур лойиҳага кўра, шаҳарда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, чиқиндиларни йиғиш, қайта ишлаш ва зарарсизлантиришгача бўлган жараёнларни ўз ичига олган чиқиндиларни комплекс бошқариш тизими яратилмоқда.

Шундан сўнг, далегация раҳбари Самарқанд шаҳар ҳокими Фурқат Раҳимов билан биргаликда фахрий консулликни расман очиб берди.

Франциянинг Европа ва ташқи ишлар бўйича вазири ҳузуридаги давлат котиби Жан–Батист Лемуан Kun.uz мухбирига бу ҳақда тўхталиб ўтди:

– Франция ва Самарқанд ўртасида жуда яқин алоқалар мавжуд, – дейди жаноб Жан Батист Лемуан. – Ҳар йили Самарқандга Франциядан ўртача 13 минг нафар сайёҳ ташриф буюришини ҳам бежиз эмас. Шуни ҳисобга олган ҳолда мана шу фахрий консуллик очилмоқда. Бу ишларни ўтган йил кузда икки мамлакат Президенти учрашувидан кейин амалга оширилган ишларнинг бир қисми дейиш мумкин. Мазкур расмий учрашувдан сўнг ҳамкорлик алоқалари янада кенгайиб бормоқда. Бугун очилаётган консуллик нафақат Ўзбекистонда, балки Марказий Осиёда ягона ҳисобланади.

Мавзуга оид