Nice Matin ва BFM TV 7 октябр куни қўлга олинганлар орасида музейга бевосита кирганликда гумонланаётган икки шахс ҳам борлигини маълум қилган.

Ушлаш тадбирлари Франциянинг Алп, Вар, Эро ва Ду департаментларида ўтказилган. Гумонланувчилар Ниццада уюшган гуруҳ томонидан содир этилган ўғирлик иши доирасида сўроқ қилиниши кутилмоқда.

Терговни назорат қилаётган Марсел прокуратураси хабарлар эълон қилинган пайтда расмий изоҳ бермаган. Шу сабабли ушланганларнинг аниқ сони бўйича манбаларда тафовут сақланмоқда.

Ўғирлик 8 сентябр куни эрта тонгда Франция жануби-шарқидаги Кан-сюр-Мер шаҳрида содир бўлган. Икки шахс Ренуар музейига кириб, тўртта картинани олиб чиқишга уринган.

Қочиш вақтида улар икки асарни музей боғида ташлаб кетган. Булар «Мадам Стефан Пишон портрети» ва «Коко китоб ўқимоқда» картиналаридир. Иккинчи асарда рассомнинг Коко лақабли кенжа ўғли Клод Ренуар тасвирланган.

«Мадам Колонна Романо» ва «Қудуқ ёнидаги ёш аёл» картиналарини эса ўғрилар олиб кетишга муваффақ бўлган. Уларнинг умумий қиймати 4,2 млн евро деб баҳоланмоқда.

Ишни Ницца суд полицияси, маданий бойликларнинг ноқонуний айланмасига қарши курашувчи марказий бошқарма ва Марселдаги ихтисослашган минтақалараро суд тузилмалари ўрганмоқда. Nice Matin маълумотига кўра, эҳтимолий буюртмачиларни аниқлаш учун тергов тафсилотлари сир сақланмоқда.

Ренуар музейи 1960 йилда рассом умрининг сўнгги йилларини ўтказган виллада очилган. Унинг коллекциясида Ренуар асарларидан ташқари Аристид Майол, Пер Боннар ва Раул Дюфи ишлари ҳам бор.