Бугун, 19 апрелдан Бангкокда бокс бўйича Осиё чемпионати бошланди. 26 апрелгача давом этадиган мусобақада рекорд даражада кўп – 36та терма жамоа иштирок этмоқда.

Эркаклар ўртасидаги дастлабки кунги баҳслар доирасида -64 кг вазн тоифасида рингга кўтарилган Осиё ўйинлари совриндори Шунқор Абдурасулов ироқлик Қадим ал-Эзиреж устидан ғалаба қозонди. Шунқор эртага навбатдаги саралаш жангини покистонлик Амир Масудга қарши ўтказади.

Шунқор Абдурасулов
Фото: Ўзбекистон бокс федерацияси

Ундан сўнг, Осиё ўйинлари ғолиби Бобо-Усмон Ботуров -69 кг вазнда мўғулистонлик Баярку Ганбаатарни муддатидан олдин мағлуб этди. Ўзбекистоннинг амалдаги чемпиони илк раунддаёқ катта устунликка эришиб, рақибни нокдаун ҳолатига туширди; иккинчи раундда эса мўғулистонлик боксчи қошидан жароҳатланиб, жангни давом эттира олмади. Ботуров навбатдаги жангини якшанба куни эронлик Сажжад Козимзодапоштирига қарши ўтказади.

Бобо-Усмон Ботуров
Фото: Ўзбекистон бокс федерацияси

Қайд этиш керак, бу галги Осиё чемпионати илк маротаба эркаклар ва аёллар турнирларини бирлаштирган ҳолда ўтказилмоқда. Унда Ўзбекистон аёллар терма жамоаси 9та вазн тоифасида иштирок этяпти. Бугун -57 кг вазнда Ёдгорой Мирзаева Шри-Ланка вакили Кришми Ланкапураялаге билан жанг қилади.

Ўзбекистон терма жамоаси вакилларининг 20 апрель кунги тақвими:
– 49 кг: Нодиржон Мирзаҳмедов – Д.Хасебэ (Япония)
– 52 кг: Ҳасанбой Дўсматов – Т.Другел (Бутан)
– 56 кг: Миразизбек Мирзахалилов – А.Алибеков (Қирғизистон) / Н.Симфавонг (Лаос)
– 60 кг: Шукуржон Раҳимов – К.Чое (КХДР)
– 64 кг: Шунқор Абдурасулов – А.Масуд (Покистон)
– 75 кг: Исроил Мадримов – Т. Ву (Вьетнам)
– 81 кг: Дилшодбек Рўзматов – Б. Ядав (Ҳиндистон)
– 91 кг: Санжар Турсунов – Х. Хан (Хитой) / С. Бобошев (Қирғизистон)
+ 91 кг: Баҳодир Жалолов – Х. Му (Хитой)