Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан хорижда истиқомат қилаётган ватандошлар ва уларнинг оила аъзоларини Ўзбекистон Республикасига таклиф қилишни расмийлаштириш ва кўп марталик кириш визаларини бериш хамда уларни ички ишлар органлари томонидан вақтинча прописка қилиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Низомга кўра, ватандошларни Ўзбекистон Республикасига таклиф қилиш учун таклиф қилувчи доимий истиқомат қиладиган жойидаги МваФР бўлинмасига мурожаат қилиши ва қуйидаги ҳужжатларни тақдим этиши лозим:
белгиланган намунадаги 2 нусхада ариза-анкета;
таклиф қилувчининг паспорти (нусхаси олиниб, асли қайтариб берилади);
ватандошнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжат (паспорт, ҳаракатланиш ҳужжати ва бошқалар) нусхаси;
таклиф қилувчининг ватандош билан қариндошлик даражасини тасдиқловчи ҳужжатлар (никоҳ тузилганлиги ва туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномалар ёки уларнинг ўрнини босувчи ҳужжатлар, нусхаси олиниб, асли қайтариб берилади);
агар ватандош Ўзбекистон Республикасига оила аъзолари билан биргаликда келиш ниятида бўлса, уларнинг ҳар бирининг шахсини ва қариндошлик даражасини тасдиқловчи ҳужжатларининг нусхалари;
таклиф қилувчининг 3,5 х 4,5 см ўлчамли икки дона фотосурати;
давлат божи тўланганлиги ҳақидаги квитанция.
МваФР бўлинмаси уч иш куни мобайнида ариза-анкетани ва тақдим этилган бошқа ҳужжатларни кўриб чиқади, ватандошнинг таклиф қилувчига қариндошлик даражасини ўрганиб чиқади ҳамда ватандошлар ва таклиф қилувчининг шахсини ички ишлар органларидаги мавжуд маълумотлар базаси бўйича текширади.
Ариза-анкета ўрганиб чиқилгач, агар ватандошнинг Ўзбекистон Республикасига келишига ички ишлар органларида тўсқинлик қилувчи маълумотлар аниқланмаса, ариза-анкетанинг бир нусхасини келишиш учун ваколатли органга юборилади.
Ваколатли орган билан келишилганидан ва ижобий қарор қабул қилинганидан сўнг мувофиқ шаклидаги таклифнома тўлдирилиб МваФРБ бўлинмаси бошлиғи ёки унинг ўринбосари томонидан имзоланади, гербли муҳр билан тасдиқланади ва бевосита таклиф қилувчига ёки унинг ишончли вакилига берилади.
Ватандошларни таклиф қилиш ҳақидаги ҳужжатларни кўриб чиқиш муддати ўн беш иш кунидан ошмаслиги лозим.
Таклифнома берилган кундан бошлаб уч ой давомида амал қилади. Таклиф қилувчи ушбу муддат мобайнида таклифномани Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг Консуллик-ҳуқуқий департаменти ёки вазирликнинг Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардаги ҳудудий бўлинмаларига кириш визаларини расмийлаштириш учун тақдим этади.
















