Навбатдаги мурожаатни ўрганиш учун йўлга чиқдим. Оддийгина арзнома. Бироқ, уни бир инсон чорасизликдан, умид билан ёзгани аниқ.
Хизмат юзасидан водийнинг уч вилояти бўйлаб мурожаатлар, хабарлар ва хайриялар тайёрлаймиз. Турли туманлар, шаҳар ва қишлоқлар. Турфа одамлар. Ташвишлари, муаммолари бир-бирига ўхшаш одамлар. Аризаларни ўрганиш билан доимий шуғулланиш давомида тажриба шаклланади. Kun.uz сайти почтасига келган мурожаатларнинг илк қаторларини ўқиб, телефон орқали айтилаётган масалани икки оғиз эшитиб, мазкур муаммолар қандай юзага келгани ва унинг ечими қай ҳолатда тугашини 50-60 фоиз тахмин қила оладиган бўлиб боряпмиз.
Мурожаатлар... Мурожаатлар...
Аҳоли вакиллари зорини тинглаб, ўргангани боргач, «наҳотки, одамлар узоқ йиллардан бери шундай муаммога чидаб келган? Ҳудуд ҳокими, мутасаддилар, сектор раҳбарлари бирор марта маҳаллага оёқ босмаслигига сабаб нима?», дея ўйга толасиз.
Адирнинг энг тепасида 20 йилдан бери ичимлик суви нималигини билмай яшаётган аҳоли, қишлоқда завод очиб, уни ишлата олмаётган тадбиркор, ҳудуддаги таълим муассасасининг аянчли ҳолати, ёмғир ёғса йўли ботқоқ бўлиб кетганидан ўзи ишга бир амаллаб чиқса-да, фарзандларини мактабга юбора олмаётган маҳалла аҳли. Симёғочлари эскириб ёнбошлаган, трансформатори енгил шамол бўлса ҳам «лип» этиб ўчадиган кўча, табиий газ исини унутиб, суюлтирилган газ баллонига навбатда турган ёки баллонга газ тўлдириб ташлаб кетишларини икки ойдан бери кутаётган 80 ёшли онахон... Уйи абгор, 4 фарзандининг боқувчиси йўқ хокисор ёлғиз аёл. Боғи бузилаётган, чорваси учун майдони йўқ фермер, оғир касал бўлиб муҳтожга айланган ўқитувчи. Эҳ-ҳе, яна қанчадан-қанча муаммолар...
Муаммолар аслида доим мавжуд. Иш бор жойда албатта камчиликлар ҳам бўлиши табиий. Фақат уларни бартараф этиши керак бўлган мутасаддиларнинг муносабати, эътибори ҳам бошқача бўлиши керак-да?
Баъзи раҳбарларнинг «мазмундор» ибораси
Маълум бир муаммони жойига бориб ўргангач, ўша ҳудуд масъулидан изоҳ сўрашга уринасиз. Ўз ишини яхши билган раҳбар сиз билан учрашишдан қочмайди. Айримлари эса ўз ўринбосарини рўбарў қилиб, парда ортига ўтиши ҳам бор.
Ўринбосар икки ўт орасида сизга доимгидек «мазкур маҳалла ёки кўча дастурга тушганини, тез кунларда барча муаммолар ҳал қилиниши»ни айтади. Унинг гаплари ишонарли чиқмайди, чунки у аксар ҳолларда вазиятдан қутулиш учун сўзлайди.
















