Жамият | 17:00 / 23.04.2019
21044
2 дақиқада ўқилади

Дунёдаги энг катта Қуръон китобларидан бири Самарқанддаги музейда сақланмоқда

Самарқанддаги Ўзбекистон маданияти тарихи давлат музейида сақланаётган мазкур Қуръони карим ҳажми ва тахланиши жиҳатидан Марказий Осиёда энг нодир нусхалардан бири ҳисобланади, дейди Kun.uz’га Самарқанд давлат музей қўриқхонаси илмий ходими Ш.Рустамов.

Бу нусха Самарқанд қозикалони Мир Низомиддин Хожа ибн Мир Абдуғаффор Хожанинг маълумотига кўра, ҳижрий 1271 йилда (милодий 1854-1855-йилларда) Бухоро ҳукмдори Амир Насруллоҳ буйруғи билан самарқандлик котиб Мулло Ҳасан Самарқандий томонидан сулс хатида Самарқанд қоғозига кўчирилган.

Китобнинг биринчи бетида Бибихоним масжидига вақф қилингани ёзилган. Кейинчалик Шоҳи Зинда мақбарасига ўтказилган.

Бу китоб ҳижрий 1298 йилда (милодий 1881–1882 йиллар) ва 1339 йилда (милодий 1922–1923 йилларда) таъмирланган. Таъмирлаш ишларида Мулла Абдураҳмон Мирсолиҳов, Порсохўжа Турсунхўжаев, ранги ўчган жойларини қайта ёзишда мулла Сайфиддин Абдусатторов қатнашган.

1939 йилда Шоҳизинда мақбарасидан олиниб, Самарқанд вилоят музейига (ҳозирги Ўзбекистон маданияти тарихи давлат музейи) топширилган.

Бу Қуръоннинг ўлчами 104 х 156 см бўлиб, 32 варақдан иборат. Китоб унвони (номи) биринчи бетида бўлиб, зарҳал ҳарфлар билан ишлангандир. Ҳар бир бети бир-бирига уланган варақлардан иборат бўлиб, ёғочдан ясалган тўртбурчак бўлмаларга маҳкамланган. Бурчаклари тери билан қопланган.

Мавзуга оид