Украинада президентлик сайловининг иккинчи турида овоз бериш жараёни якунланиб, экзит-пол натижаларига кўра ҳам, Марказий сайлов комиссияси маълумотларига кўра ҳам мамлакатни янги президент - Владимир Зеленский бошқариши аниқ бўлди. У 73 фоиздан ортиқроқ овоз билан амалдаги президент Пётр Порошенкони ортда қолдирди (25 фоиздан ошиқроқ). «Медуза» сайтининг махсус мухбири, Киевдаги сайловларни яқиндан кузатиб борган Илья Жегулев ўз мақоласида Порошенко сайловолди кампанияси давомида қандай хатоларга йўл қўйгани, у қандай қилиб уч ҳафта ичида мамлакатни қўлдан бой бергани ҳақида баён қилган.

«Петро Александрович кўмакка муҳтожми - мен буни кўрмаяпман. У бемалол юра олади! Раҳмат», дея журналистга бошдан оёқ разм солган Украина бош вазири Владимир Гройсман ортга ўгирилиб, зинадан кўтарилишда давом этганди. Ўшанда «Громадский-ТВ» журналисти ундан сайловларнинг иккинчи турида Порошенкони қандай қўллаб-қувватлаши ҳақида сўраганди.

Биринчи тур арафасида ҳеч ким ўзи билан ҳазиллашишларига йўл қўймаётганди. Бош вазир Гройсман президент қайта сайланиши учун фаол тарғибот олиб борган, у ўзи билан сиёсий коалицияда бўлган сафдошини қўллаши табиий эди. Бир ой муқаддам украиналик сиёсатчиларнинг барчаси Порошенко биринчи турда мағлуб бўлгач ҳам иккинчи тургача биринчи турдаги бошқа рақибларининг электоратини ўзига оғдириб, иккинчи турда фаворитга айланишини кутишаётганди. Аммо Порошенко ўзига янги сайловчиларни жалб этолмади, бу ҳам етмагандек ўзининг эски сайловчиларининг бир қисмини йўқотди. Шундай экан, энди Гройсман ўз адаши Владимир Зеленский билан ишлашга тайёрлана бошлади.

Владимир Зеленский тилини тийгани учун ғолиб бўлди. У ҳатто ўзининг жамоаси аъзоларини ҳам сир тутди
«Мени «йўқ леди» деб чақиринг», дея ҳазиллашади «Квартал 95» студиясининг ривожланиш масалалари бўйича директори Ирина Победоносцева. У энди Зеленский штабида жамоатчилик билан алоқалар бўйича масъулдир. Унинг «йўқ» дегани Зеленский жамоасининг барча аъзоларига тааллуқли.

Бу стратегия. Тинимсиз ўзи ҳақида гапириб, сайловчиларга тинимсиз ўз дастурини тақдим этиш ўрнига Зеленский сайловолди кампанияси давомида бирор марта ҳам матбуот анжумани ўтказмади - омма олдига жуда кам чиқди. Биринчи тургача уни фақат «Квартал 95» концертларида кўрган бўлишса (жамоа бутун Украина бўйлаб гастроллар ўтказди ва бу концертларга кириш бепул қилинди), иккинчи тур арафасида концертлар ҳам ғойиб бўлди, ташвиқот тадбирлари ҳам - сайловчилар билан учрашувлар ўтказилмади. Икки тур орасидаги уч ҳафта ичида Зеленский фақат бир марта «РБК-Украина» нашри учун интервью берди, бир марта «1+1» студиясида меҳмон бўлди. Номзод сайловчиларига ўзини асосан ютубдаги видеороликлар орқали намоён қилди.